Ўзбекистон | 11:26 / 04.06.2020
3913
2 дақиқада ўқилади

Финляндия БМТнинг Оролбўйи минтақаси бўйича жамғармасига 1 млн евро ажратади

Финляндия ҳукумати ва БМТ кўпшериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги офиси Финляндия томонининг Траст жамғармага 1 миллион евро миқдорида ҳисса қўшиши тўғрисида битимни имзолади.

Финляндия ҳукумати ва БМТ кўпшериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги офиси Оролбўйи минтақаси учун Траст жамғармасига ҳисса қўшиш тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистонда Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик жамғармаси хабар бермоқда.

2019 йилнинг ноябрида Брюсселда бўлиб ўтган "Ўзбекистон-Европа иттифоқи" Ҳамкорлик кенгашининг 15-учрашувида Финляндия ташқи ишлар вазири Финляндия ҳукумати Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст жамғармасига (Траст жамғарма) 1 миллион евро ажратишга қарор қилганини маълум қилган эди.

2020 йилнинг 29 майида Финляндия ҳукумати ва БМТ кўпшериклик траст жамғармасининг Нью-Йоркдаги офиси Финляндия томонининг Траст жамғармасига 1 миллион евро миқдорида ҳисса қўшиши тўғрисида битимни имзолади.

Финляндия ҳукумати ҳиссаси Траст жамғармасига келиб тушгандан кейин, бу маблағлар барча манфаатдор томонлар томонидан келишилган ва инсон хавфсизлиги концепцияси призмаси орқали ўзаро боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга қаратилган Жамғарманинг Ягона стратегиясини амалга ошириш учун ишлатилади, булар:

экологик хавфсизлик;

иқтисодий хавфсизлик;

озиқ-овқат хавфсизлиги;

аҳоли саломатлиги хавфсизлиги;

ижтимоий хавфсизлик;

донорлар ёрдамининг самарасизлиги.

Билдирилишича, бугунги кунга келиб Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Траст жамғармага 3,5 млн. долл. миқдорида маблағ ўтказилди. Шунингдек, Норвегия ҳукумати 2019 йилнинг март ойида 1,1 млн. долл. миқдорида, Европа иттифоқи 2020 йилнинг март ойида 5,0 млн. Евро миқдорида жамғармага ҳисса қўшган.

2018 йилда БМТ шафелигида ташкил этилган Траст жамғармаси Оролбўйи минтақасида истиқомат қилувчи ҳамжамиятларнинг экологик ва ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжларини ҳал қилишда миллий ва халқаро даражада ҳамкорликни амалга ошириш ва барқарор ривожланиш соҳасида глобал мақсадларга эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни тезлаштириш учун ягона майдонни тақдим этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид