Ҳаётий ҳикоя: «Мен қирғизларга, қирғизлар менга...»
Россияда ризқини тергилаб юрган меҳнат мигранти, ижодкор Бахтиёр Турсуннинг бу ҳаётий ҳикоясини мутолаа қилиш айни кунларда жуда асқотиши шубҳасиз.
– 2016 йил сентябрь ойи охирлари эди. Москва вилоятининг Шёлково туманида қурилаётган янги уйларда ички таъмирлаш ишларида ишлардик. Ўзбеклар, қирғизлар, тожиклар кўпчиликни ташкил қилган бу жойда ҳаммамиз яқин дўст, биродар бўлиб юрдик.
Бир куни бахтсиз ходиса юз бериб, бир қирғиз йигити бешинчи қаватдан тушиб кетди. Россияга яқиндагина келган 23 ёшга кирган йигит экан. Тез ёрдам чақирдик.
Етиб келган тез ёрдам машинасига кўтариб солаётганимиздаги ҳолат, йигитнинг чекаётган азоби, инграшлари ҳозиргача қулоғимда қолиб кетган.
Шифохонага ётқизилган йигитни зудлик билан жарроҳлик столига ётқизиш керак экан. Йирик суяклари бир неча жойидан синган экан. Биз ишлаётган фирма катта харажатларини кўтарди. Қирғизистондан ота-онаси ҳам етиб келди.
Бундай дамда жим қараб томоша қилиб туриш уят эди. Дарҳол хайрия уюштириб, таниган билганим борки ёрдам сўрай бошладим. Яхшигина пул йиғилди. Пул юборганлар орасида Тожикистонлик биродарларимиз ҳам бор эди.
Қирғизларнинг Чингиз исмли диёнатли бригадири бор эди, тўпланган пулни қўлига бердим.
«Ўзбеклардан ёрдам, ҳаммамиз тезроқ шифо топишини сўраймиз», – дедим.
Орадан уч кун ўтгач, Чингиз телефон қилиб қолди:
– Операция жуда яхши ўтди, беморнинг аҳволи яхши, раҳмат сизларга ҳам. Бир умр унутмаймиз ўзбеклар қилган бу яхшиликни, – дея қайта-қайта миннатдорчилик билдирди.
* * *
Кейинги куни иш жойимизни полиция босди. Кўпчилик қочиб қутулди. Бизлар, ўн нафар ўзбек иложсиз қолиб кета олмадик, қўлга тушдик. Ҳужжатларимиз бор-у, Москва шаҳрига қайд қилинган, биз эса вилоятдамиз.
Хуллас, бизларни полиция бўлинмасига олиб кетишди. Битта кичкина, аслида тўрт киши зўрға сиғадиган хоначага 13 кишини тиқишди. Биз ўн кишимиз, хонада яна уч киши бор экан.
Полиция бизга қўйган талаб қатъий эди: «Агар қайси фирмага ишлаётганларингни айтиб, ёзиб берсаларинг, қўйиб юборамиз». Лекин тажрибадан маълумки, барибир қўйиб юборишмасди.
Фирма катталари, бизни сотсанглар бир сўм ола олмайсизлар (икки ойлик иш ҳақимизни олмаган эдик), деган хабарни етказишди. Хуллас икки ўт орасида қолдик.
Ҳеч нарса ёзмадик, ҳеч қандай қоғозга имзо ҳам қўймадик. Уч кун шу зах хонада сақлашди.
Уч кун қирғиз йигитлари ташқаридан ҳар 3-4 соатда овқат олиб келиб туришди. Шароитини айтмаса, еб-ичиш худди дам олиш масканига боргандан зўр бўлиб кетди. «Кўп шартмас, бошқа олиб келманглар» деганга кўнмайди.
Навбатчи полиция ходимлари бошқа киритмаймиз деса, жанжал қилишади. Иш жойимиз билан полиция бўлинмаси оралиғи жуда яқин эди. Учинчи куни ҳар куни бир келиб кетадиган Чингизга айтдим:
– Бориб фирма катталарига айт, агар бугун ё эртага бизларни бир амаллаб бу жойдан олиб чиқишмаса, ўзим ҳаммасини ёзиб, имзо қўйиб бераман.
– Бўлди айтаман, бизлар ҳам сизларни чиқариш учун ҳар куни прораблар билан тортишаяпмиз, қўлдан келгунча ёрдам қиламиз, – деди у ҳам.
Агар ноқонуний ишлаганимизни билдириб, биз шу фирмада ишлаймиз дея ёзиб берсак, фирма бизларни ишлатганига ҳар бир одам учун жуда катта жарима тўлаши керак эди.
Ўша куни тўрт-беш нафар қирғиз бригадирлари бирлашиб, бараварига иш ташлашибди ва катталарга бизларни чиқариш шартини қўйишибди. Хуллас кейинги куни озодликка чиқдик!
Ўн кишидан бирортамиз ҳаттоки жаримага ҳам тортилмадик. Энг қизиғи, иш жойимизда битта катта хонани созлаб олиб яшар эдик. Хонамизга кирсак, катта дастурхон безатилган. Ўзимизнинг бригададаги қолган йигитлар билан Чингиз бошчилигидаги қирғиз йигитлари бизни кутиб ўтиришибди.
Худди ўн йил қамоқда ўтириб чиққан одамлар билан кўришаётгандек келиб ҳамма бизлар билан қучоқлашиб кўришгани, қирғиз-ўзбек йигитлари аралашиб ўтириб катта стол атрофида хурсандчилик қилиб байрам қилганларимиз кечагидек ёдимда...
* * *
2018 йил ёз фасли эди. Москва шаҳрининг Хорошёвский туманидаги бир уйга ички таъмирлаш ишларини қилиш учун келдик. Энди аввалгидек йирик фирмада ишламас, шахсий уйларни таъмирлаш ишларини қилар эдик.
Янги жойга борган кунимиз, Шуҳрат ака исмли ёши қирқ бешлардаги бир қирғиз ака билан танишиб қолдим. Бақувват, гавдали йигит. Илк танишувда беш дақиқача гаплашдик.
Исмимни, қайси подъезд, қайси қаватда ишлашимизни айтдим.
Кейинги куни янги келган ёш шеригим билан ишлаётган вақтимда, эҳтиётсизлик оқибатида қўлимга катта панель бўлаги тушиб кетди, ўнг қўлимдан қаттиқ жароҳат олдим.
Анча кесилиб, қўрқинчли ҳолга келиб қолди шекилли, ёнимдаги ёш шеригим кўриб, ранги оқариб кетди.
Шошиб излаганда ҳеч нарса топилмайди. Жароҳатни боғлашга битта латта ҳам йўқ.
– Сумкамда пул бор, олгин-да пастга туш, яқин ўртада аптека бўлса керак. Аптекачига шунақа жароҳат олди, деб айтсанг, ўзи нималар керак бўлса, бериб юборади, – дедим шеригим Абдумўминга.
– Ака, мен русча гапиролмайман, қандай айтаман, кейин аптека қаерда билмасам, – деди у икки кўзини қўлимдан олмай.
Энди нима қилдик, бу аҳволда ўзим туша олмасам. Битта тоза қоғоз парчасини кесилган жойга босиб, чап қўлим билан маҳкам қисиб, қон кетмасин дея бир жойдан қимирламасдан анча ўтирдим.
Тушкун аҳволда деразадан пастга қарадим. Илк бор кўзим тушган инсон пастда, болалар майдончасида атрофни тозалаб юрган Шуҳрат ака бўлди.
– Абдумўмин, бу ёққа қара, анави пастда юрган гавдали одамни кўряпсанми? Исми Шуҳрат ака, шу кишининг олдига югур. Бориб кеча янги ишга келган Бахтиёр аканинг қўли кесилди, дори керак, аптекадан олиб бериб юборар экансиз, де, пулни қўлига бер, – дедим.
У югуриб хонадан чиқиб кетди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан Абдумўминдан аввал Шуҳрат ака кириб келди. Қўлида керакли дори-дармонлар. Ўзи жароҳатни тозалаб, дорилаб бинт билан яхшилаб боғлаб, олдимизда бир оз суҳбатлашиб ўтирди. Кейин қайта-қайта эҳтиёт бўлишимни, агар оғриқ қолмаса ёки қон яна кетиб бошласа, албатта унга хабар қилишим кераклигини, таниш дўхтири борлигини айтиб, телефон рақамини бериб чиқиб кетди.
Кечқурун келиб яна бир хабар олиб кетди...
Бошқалар учун арзимас майда-чуйда ишлардир булар, аммо менга энг катта ёрдам эди ўша вақти. Абдумўмин борган вақти хўп дея керакли дориларни олиб бериб юбориб ўзи ишини давом эттирса ҳам ҳеч ким ўпкаламасди у кишидан.
Мени ўзи атиги бир марта беш дақиқа кўрган бўлса. Аммо Шуҳрат ака хавотирга тушиб ўзи келиб, озгина бўлса-да кўрсатган меҳри бир умрга кўнглимда қолди. Икки йилдан ошди, ҳозирги кунгача хабарлашиб турамиз. Йўлим ўша томонга тушса албатта олдига кириб хабар олиб ўтаман.
* * *
Оломон орасидаги уч тўртта бузғунчилар ҳаммага лой чаплайди.
Мен тинчлик тарафдориман.
Мен дўстлик тарафдориман!
Миллатнинг ёмони бўлмайди.
Ҳар хил фитналарга алданмайлик!
Бахтиёр Турсун
Мавзуга оид
11:28 / 26.01.2024
«Турон ҳудудида давлатчилик юзага келганда рус миллатининг ўзи йўқ эди» – ўзбек тарихчилари билан суҳбат
16:07 / 11.03.2023
Ўзбек халқининг келиб чиқиши — илк ўзбекларнинг кўриниши қандай бўлган?
13:14 / 27.10.2022
«Ходимларни хурсанд қилиш учун ишлайдиган алоҳида мутахассислар бор» — Google’даги ўзбеклар билан суҳбат
22:58 / 29.11.2018