Жаҳон | 00:45 / 05.06.2020
8424
2 дақиқада ўқилади

Time ўз муқовасини АҚШда ирқчилик қурбонлари бўлган афроамерикаликларга бағишлади

Time нашрининг охирги сони АҚШдаги ирқчилик муаммосига бағишланиб, журналнинг муқовасида ирқчилик қурбонлари бўлган 35 афроамерикалик исми жойлаштирилган.

Ушбу муаммо афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимидан кейин яққол яна кўзга ташланди. Нашрдаги “Парчаланган мамлакат” номли махсус мақолада таъкидланишича, АҚШда Флойднинг ўлими сабабли ўтаётган норозилик намойишлари 1968 йилда АҚШда фуқаролик ҳуқуқлари учун ҳаракат етакчиси, афроамерикалик Мартин Лютер Кинг ўлдирилгандан кейин кўрилмаган кўламга етди. Жумладан, камида 28 штатда тартибсизликларни бостириш учун миллий гвардия бўлинмалари жалб қилинди, ўнлаб шаҳарларда мародёрлик, ўт қўйишлар ва зўравонликларнинг олдини олиш учун комендантлик соати киритилди.

“Америка 2,5 ой давомида пандемия сабабли фалажланганди, унинг шаҳарлари ўз кўчалари кимсасизлиги билан ҳайратлантирарди. Энди бу вақт ичида йиғилиб қолган энергия, хавотир ва ғазаб ташқарига отилиб чиқди. Коронавирус жамиятдаги ирқий тенгсизликни очиқлаб қўйди: аҳолининг 13 фоизини афроамерикаликлар ташкил қилса-да, маълумотларга кўра, коронавирус аниқланганлардан 22 фоизи ва ундан вафот этганлардан 23 фоизи қора танлилар бўлган”, дейилган нашрда. Мақолада Пью тадқиқотчилик маркази маълумотларига таяниб таъкидланишича, 44 фоиз афроамерикаликлар пандемия вақтида ишларини йўқотишган, 73 фоизи эса кўзда тутилмаган харажатларни қоплаш учун етарлича маблағга эга эмасликларини айтишган.   

Нашрнинг фикрича, АҚШ президенти Дональд Трамп вазиятни фақатгина янада кескинлаштирган. “Бошидан президент ўз ваколатларини ирқий, этник ва маданий муаммолар бўйича нифоқ солиш учун восита сифатида қўллаган”, дейилган мақолада ва бу хусусда Трампнинг “талончиликлар бошланганда, отишма бошланади”, деган гапи эслаб ўтилган. “Юқоридагиларнинг гапларидаги оҳанг ва пастдагилар ҳис қилаётган ғазаб ҳисобга олинса, зиддият эртароқ бошланмаганига фақат ажабланиш мумкин”, дейилган Time’да. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид