Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Трамп TIME муқовасидаги суратини танқид қилди
Оқ уй раҳбари ўзи ҳақидаги мақолани «нисбатан яхши» деб атади, аммо фотосурат, унинг сўзларига кўра, «эҳтимол, энг ёмони» бўлган.
Фото: TIME
Доналд Трамп исроиллик гаровга олинганлар озод қилиниб, Ғазо секторида тинчлик сулҳи тузилгандан кейин TIME журнали муқовасига жойлаштирилган суратини танқид қилди.
АҚШ президентига бағишланган мақола «Трамп маъмурияти Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни қандай тузди» деб номланади.
«Ғазода гаровга олинган тирик исроилликлар Доналд Трампнинг тинчлик режасининг биринчи босқичи доирасида фаластинлик маҳбусларни қўйиб юбориш билан бир вақтда озод қилинди. Бу келишув Трампнинг иккинчи муддатидаги асосий ютуғи бўлиши ва Яқин Шарқ учун стратегик бурилиш ясаши мумкин», деб ёзди TIME.
Трамп ўзи ҳақидаги мақолани «нисбатан яхши» деб атади, аммо фотосурат, унинг сўзларига кўра, «эҳтимол, энг ёмони» бўлган.
«Улар сочларимни «олиб ташлади» ва бошимнинг тепасига учиб юрган тожга ўхшаш, лекин жуда кичкина нарсани қўйди. Жуда ғалати! Мен ҳеч қачон пастдан юқорига қараб суратга олишни ёқтирмаганман, лекин бу айниқса муваффақиятсиз ва танқидга лойиқ. Улар нима қиляпти ва нима учун?», деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.
TIME журналининг муқоваси жаҳон оммавий ахборот воситаларининг энг нуфузли ва таниқли рамзларидан биридир. Унга тушиш халқаро миқёсда эътироф этилиш, жамоатчиликнинг диққат марказида бўлиш ва маълум бир давр тарихига кириш демакдир. TIME муқоваси шунчаки суратга олиш жойи эмас, балки шахснинг таъсири, муваффақияти ва аҳамияти белгисидир.
TIME камдан-кам ҳолларда муқовани тасодифан танлайди: таҳририят жорий вақтнинг руҳи ва воқеаларини ким аниқ белгилашини синчковлик билан таҳлил қилади.