Жаҳон | 16:23 / 05.06.2020
8542
2 дақиқада ўқилади

Трамп Америка фуқаросини озодликка чиқаргани учун Эронга миннатдорлик билдирди

Майкл Уайт Эрон диний раҳнамоси оятулло Али Ҳоминаийни ҳақорат қилиш ва интернетда ҳукуматга қарши сўзлар ёзганликда айбдор деб топилганди.

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп ўн йилга озодликдан маҳрум қилинган Америка фуқаросини озодликка чиқаргани учун Эронга миннатдорлик билдирди.  

"Майкл уйдалиги қандай яхши. Ҳозиргина келди. Ҳаяжонга солмоқда. Эронга раҳмат. Йирик келишув тузиш учун АҚШдаги сайловлар тугашини кутманг. Мен ғалаба қозонмоқчиман. Энг яхши келишувни ҳозир тузинг!" – деб ёзди Трамп Twitter саҳифасида.

АҚШ флотининг 48 ёшли ветерани Майкл Уайт ОАВнинг хабарига кўра, 2018 йил июлда севгилисининг оиласи билан кўришиш учун Эронга борганида ҳибсга олинган. 

У Эрон диний раҳнамоси оятулло Али Ҳоминаийни ҳақорат қилиш ва интернетда ҳукуматга қарши сўзлар ёзганликда айбдор деб топилган.

У 4 июнь куни Швейцария ҳукумати самолётида Эронни тарк этди. АҚШ Эрон билан дипломатик муносабатлар ўрнатмаганлиги учун унинг номидан Швейцария қатнашади.

Ўз навбатида АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эрон ҳукуматини АҚШнинг яна уч нафар фуқаросини озод қилишга чақирди. 

Бундан бир оз аввал 2016 йилда АҚШда ҳибсга олинган эронлик олим Сайрус Асқарий озодликка чиқиб, Эронга қайтганди.

Мавзуга оид