Ўзбекистон | 22:37 / 06.06.2020
24661
2 дақиқада ўқилади

«Ислоҳотлар сизларга боғлиқ» – Президент Фарғонадаги раҳбарларни ўзгаришга чақирди

Президент Фарғонадаги йиғилишда вилоятдаги маҳаллий раҳбарлар, барча секторлар раҳбарларига мурожаат қилди.

Фото: Президент матбуот-хизмати

«Мамлакатимизнинг, кўп миллатли халқимизнинг манфаатини таъминлаш бўйича ҳаракат қилишимиз керак. Бунинг орқасида одамнинг ҳаёти турибди, одамнинг ташвиши, унинг эртанги кунга ишониши масаласи турибди. Мана шуни ҳаммаларинг билишларинг керак.

Одамларга эмин-эркин ишлашга шароит яратишимиз керак. Ана шунда Фарғона ҳам албатта ўзининг йўлини топиб олади. Мен ишонаман, Фарғонанинг ўз йўли бор. Бу йўл кўз олдимда маълум. Лекин кўз олдимга келган масалаларни бажариш учун ватанпарвар раҳбарлар керак.

Ҳокимлар, ҳокимларнинг ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари бир нарсани билинглар: сизларга боғлиқ энди ислоҳотлар. Агар сизлар ўзгармасангизлар, эртага одамлар норизо бўлади, одамлар муродига етмайди, режаси амалга ошмай қолади.

Одамларни рози қилиш дегани - ҳар бирларинг қоғозда эмас, амалда ўз соҳаларинг бўйича ўзгариш қилсаларинг, Фарғона аҳли рози бўлади.

Муаммо жуда кўп, ҳар бир муаммонинг ечим йўллари ҳам кўп. Илм билан, вазминлик билан, масалани, ўша кам таъминланган оиланинг ўрнига ўзларингни қўйиб хулоса қилсанглар, ечим адолатли бўлади.

Одамларни рози қилиш, Худо таолога ҳам ёқади. Худо ҳам мададкор бўлади, халқимиз ҳам дуо қилиб, биримиз икки бўлади.

Мана шунга муносиб бўлайлик. Фақат ва фақат яхшиликлар бўлсин, жонажон ватанимизнинг эртанги кунини кўриш, фарзандларимизнинг камолини кўриш, фақат тинчликда учрашиш ҳаммамизга насиб қилсин», дея нутқини якунлаган президент.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид