Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
8 июндан ўнта телеканалда «Сабру садоқат» сериали намойиши бошланади
«Ўзбеккино» миллий агентлиги ташаббуси билан суратга олинган «Сабру садоқат» номли беш қисмли сериал Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллик юбилейига бағишлаб, 8 июндан мамлакатнинг ўнта телеканалида эфирга узатилади.
Сериал атоқли ёзувчи Саид Аҳмад ва унинг рафиқаси, шоира Саида Зуннунованинг ҳаётида 1950-1955 йилларда рўй берган воқеаларга асосланган.
Бу даврда ёш оиланинг ёрқин умидлар ва улкан режаларга тўла бахтли ва беғубор ҳаёти бир онда остин-устун бўлиб кетади, Саид Аҳмад ҳибсга олинади.

Энди бош қаҳрамонларнинг ҳаёти қандай кечади, уларни қандай синовлар кутиб турибди, тақдир уларнинг муҳаббатини қандай синайди? Сериални томоша қилиб, бу саволларнинг барчасига жавоб топасиз.
«Аввалига «Саид билан Саида» фильмида, сўнгра «Сабру садоқат» сериалида акс этган воқеалар ҳақиқатан ҳам Сталин қатағонининг оғир йилларида ота-онам – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва шоира Саида Зуннунованинг ҳаётларида юз берган, — дейди сценарий муаллифи, Саид Аҳмаднинг қизи Нодира Ҳусанхўжаева. — Фильмга отамнинг автобиографик қиссалари, ота-онамнинг бир-бирига йўллаган мактублари ҳамда онам, шоира Саида Зуннунованинг кундаликлари асос қилиб олинган. Ота-онамнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ барча қўлёзмалар, ҳужжат ва хатлар уй архивимизда авайлаб сақланмоқда. Отамнинг 100 йиллик юбилейига атаб «Ўзбеккино»да яратилган ушбу сериал Ўзбекистон телеканалларида намойиш этилишидан бағоят хурсандман».


«Саид билан Саида» фильми асосида яратилган сериал телетомошабинларни ўша тарихий даврга, ижод ва илҳом муҳитига етаклайди. Севги, хиёнат, пушаймонлик, кечиримлилик, садоқат, эзгулик — томошабинлар фильм қаҳрамонлари билан бирга уларнинг кўнглидан ўтган барча кечинмаларни ҳис қиладилар.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Адиблар хиёбони»нинг очилиши чоғида мумтоз асарларни ўрганиш, уларнинг ҳаёти ва ижодий йўли ҳақида китоблар нашр этиш, фильмлар яратиш муҳимлигини таъкидлаб ўтган эди. Ушбу кўрсатмага мувофиқ, Миллий агентлик томонидан «Сабру садоқат» телесериалининг тайёрланиши, ўзбек халқининг ёш авлодини тарбиялашдек муҳим вазифага ҳисса қўшаётганидан дарак беради.

Киносериал 8 июндан 12 июнгача юртимизнинг «Oʻzbekiston», «Madaniyat va maʾrifat», «Mahalla», «Oʻzbekiston tarixi», «ZO’R TV, «MY5», «Milliy TV», «Uzbekistan-online.uz», «Sevimli TV» (9-13 июнь), телеканалларида, шунингдек 20 июнь куни «Kinoteatr» телеканалида намойиш этилади.
Рустам Иқбол
Реклама ҳуқуқи асосида
Мавзуга оид
11:37 / 14.02.2026
Фарзандлар оталарни сотдилар — эвазига баланд минбарлар, мартабалар ваъда қилинди
20:30 / 10.05.2025
“Кино ва театр аҳмоқларни тарбиялайдиган жой эмас, ақлли инсонлар дам оладиган жой” – Санжар Шодиев
15:18 / 04.11.2023
«Офтоб ойим» – ватанга садоқат ҳақида ҳаётий ҳикоя
15:38 / 02.10.2023