Ўтмишимизда шундай бир давр бўлгандики, от изи ит изига аралашиб кетганди. Бу халқ ким қаҳрамон, ким хоин, фарқлай олмай қолди. Шундай расво тизим ишладики, одамлар ўзига ҳам ишонмай қўйди. Бугун “5 дақиқа”да катта адибимиз Саид Аҳмаднинг “Сароб” ҳикояси орқали ўша даврга назар ташлаймиз.
Асар воқеалари лагердаги маҳбус, ҳаваскор рассом номидан баён қилинади. У янги келган маҳбуслар орасида бир таниш қиёфани кўриб қолади. Шу пайтдан бошлаб ҳикояда ўтмиш ва ҳозирги вақт ўртасида воқеалар кўприги боғланади. Рассом бу одамни эслайди, унинг ким бўлганини, қандай машҳурликка эришганини, нега бутун мамлакат болалари унга тақлид қилганини хотирлай бошлайди. Шу орқали асар ўқувчини бир инсон тақдири орқали бутун бир даврнинг руҳий манзарасига олиб киради.
Сталин даври сиёсатида энг кучли қуроллардан бири қўрқув ва ишончсизлик муҳити эди. Давлат инсонларнинг фақат ҳаракатини эмас, балки фикрини ҳам назорат қилишга уринарди. Бунинг учун эса одамларнинг ўзи одамларга қарши қўйилди. “Халқ душмани” деган атама ҳуқуқий тушунчадан кўра ғоявий қуролга айланганди.
Ана шу сиёсатнинг энг таъсирчан рамзларидан бири Павлик Морозов образи бўлган. Мактабларда, пионер йиғинларида, газета ва плакатларда у намуна қилиб кўрсатилди. Болаларга давлатга садоқат ота-онага муҳаббатдан ҳам устун, деган ғоя сингдирилди. Натижада болалар онгида садоқат тушунчаси бузилди.
Ҳикоядаги асосий қаҳрамон Кимсанбой ҳам ана шу муҳит маҳсули. У болалигида идеологик тарбия таъсирига тушади. Давлат унинг орзулари билан ўйнашади. Мукофот, шуҳрат, пойтахтга бориш, доҳийни кўриш каби орзулар орқали унинг онгини забт этади. Бу ерда ёзувчи бола табиатига хос соддалик ва ишонувчанликни кўрсатади. Боланинг мақсади ёмонлик қилиш эмасди, у ўзини яхши иш қиляпман, деб ҳисобларди.
Натижада отасини давлатга сотади. У берган маълумотлар билан миллат зиёлиларидан бири бўлган муаллим “халқ душмани”га айланади.
Воқеалар давомида ўқувчи Кимсанбойнинг ҳаёт йўлини кўради. Бир вақтлар бутун жамият олқишлаган бола йиллар ўтиб мутлақо бошқа ҳолатга тушиб қолади. Давлат уни дастлаб қаҳрамон қилади, кейин эса унинг тақдирига бефарқ қолади. Йиллар ўтиб у ҳам отаси сақланаётган қамоқхонага келади.
Кимсанбойнинг кўксига Сталин сурати туширилганди. “Доҳий” нафақат онгларга, балки жисмларга ҳам эгалик қилганди.
Қаҳрамонимизнинг қамоқхонадаги умри эса ўша суратни ўчириш, бошқалардан яшириш билан ўтиб кетади.










