Жаҳон | 23:04 / 07.06.2020
13369
2 дақиқада ўқилади

АҚШда намойишлардан кейин кўчаларни тозалаган ўсмир бепул ўқиш учун имконият олди

18 ёшли америкалик ўқувчи Антонио Гвинн ўз она шаҳри Буффалода намойишлардан кейин қолган чиқиндиларни тозалаши билан кўпчилик эътиборига тушди. Шаҳардаги коллежлардан бири уни ушбу иши учун стипендия билан тақдирлашга қарор қилди.

Фото: CNN

Охирги кунлар АҚШнинг кўплаб шаҳарларида ирқчиликка қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Кўп ерда улар тартибсизликларга айланиб кетган.

CNN телеканалининг хабар беришича, ўсмир кўчаларни тунги соат 2да тозалашни бошлаб, бу билан 10 соат машғул бўлган. Кейинроқ унга қўшнилари ёрдамга келган, бироқ улар келганда ўсмир деярли барча ишни қилиб қўйган бўлган.    

Ўсмир ушбу ишини кўчалардан бири шиша синиқлари ва бошқа чиқиндилар билан тўлиб-тошгани, эрталаб эса шу кўчадан одамлар ишга бориш учун фойдаланишлари сабабли уни тозалашга қарор қилгани билан тушунтирган. Антонионинг ушбу жонбозлиги ҳақида ОАВ маълум қилгандан кейин маҳаллий жамоат унга миннатдорлик билдиришга қарор қилган. 

Воқеага бефарқ бўлмаганлардан бири Мэтт Блок ўсмирга ўзининг қизил рангдаги Mustang автомобилини совға қилган. Кейинроқ аниқланишича, ўсмирнинг 2 йил аввал оламдан ўтган онаси ҳам айнан шундай қизил рангдаги Mustang ҳайдаган. Шу сабабли ушбу совға қайсидир маънода рамзий чиққан. Бир тадбиркор эса Антониога автомобил учун бир йиллик бепул суғурта беришга қарор қилган.

Аниқланишича, ўсмир юқори мактабни битиргач, коллежлардан бирига ўқишга кириш учун пул тежаб юрган. Шаҳардаги коллежлардан бири ўсмирнинг воқеасидан хабар топгач, унга коллежда бизнесга ўқиш учун тўлиқ стипендия таклиф қилган.

Мавзуга оид