Ўзбекистон | 18:46 / 08.06.2020
5089
2 дақиқада ўқилади

Беморлар билан бирламчи мулоқотда бўлганлар махсус зоналарда, иккиламчи мулоқот қилганлар эса уй шароитида карантинга олинади – Нурмат Отабеков

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг айтишича, аҳоли орасидан чиққан коронавирусга чалинган беморлар билан бирламчи мулоқот қилганлар махсус зоналарда, иккиламчи мулоқот қилганлар эса уй шароитида карантинга олинади.

“Эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра аҳоли орасидан чиққан беморлар билан бирламчи мулоқотда бўлган шахслар карантинга олинади, иккиламчи мулоқотдаги шахслар уй шароитида 14 кун изоляция қилинади. Ички ишлар вазирлиги томонидан уй шароитида (ўз яшаш уйи, меҳмонхона, ётоқхона ва бошқалар) карантин остида тиббий назоратда бўлган шахслар 14 кунлик карантин тартибларига риоя этишлари устидан назорат ўрнатилади. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси ПЗР (полимераза занжир реакцияси) усулидан фойдаланган ҳолда ўтказилади”, дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, у бемор бошқа вилоятдан бўла туриб касаллик Тошкентда аниқланганда, касалланганлик кўрсаткичи қайси ҳудудга ҳисобига ёзилишига ойдинлик киритди.

“Касаллик қаерда аниқланса, ўша ҳудудда рўйхатга олинади, яъни Тошкент шаҳрида аниқланган тақдирда Тошкент шаҳри ҳисобига ёзилади.

Махсус зоналарда карантинда сақланган шахс тиббий чекловлар тугаганидан сўнг 10 кун мобайнида уйида “ўзини-ўзини яккалаш” услубида изоляция қилинади ва тиббиёт ходими томонидан телефон орқали суриштириб турилади. Бундан мақсад коронавирус инфекцияси яширин даври 14 кундан узоқ бўлиши мумкин”, дейди у.

Аввалроқ Ўзбекистонда 750 мингга яқин коронавирус тести ўтказилгани маълум қилинган эди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид