«Ўзгидромет» ҳафталик об-ҳаво тўғрисида маълумот берди
Бугун Ўзбекистон ҳудудига Кавказдан салқин ва нам ҳаво оқимлари киришни бошлади.
Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ва Фарғона водийсида об-ҳаво беқарор бўлиши кутилмоқда, айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, деб хабар қилмоқда «Ўзгидромет».
Ўзбекистоннинг қолган ҳудудида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати 28-33 атрофида бўлади, бу меъёрий кўрсаткичлардан 2-3 даражага пастдир. Республика бўйича айрим жойларда шамолнинг тезлиги секундига 18-23 метргача кучайиши мумкин.
9-10 июнь куни мамлакат ҳудудининг катта қисмида об-ҳавонинг ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийси вилоятлари бўйича айрим жойларга ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат фонининг қулай бўлиши кутилмоқда, кечаси 15-20 даража, кундузи 30-35 даража иссиқ атрофида бўлади.
9 июнда шамолли об-ҳаво сақланиб туради, айрим жойларда шамолнинг шиддати секундига 18-20 метргача етиши мумкин.
Кейинчалик ҳафтанинг охиригача об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлади, фақат тоғли ҳудудларда айрим жойларга ёмғир ёғади момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат яна аста-секин кўтарила бошлайди ва ҳафтанинг охирига келиб кундузи 34-37 даражагача етади.