Жаҳон | 21:51 / 08.06.2020
15257
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида коронавирусдан рекорд сонда кунлик зарарланиш қайд этилди

Саудия Арабистонида сўнгги кунда рекорд сонда одам коронавирусга чалингани қайд этилди. Подшоҳликда касалланганлар сони 3369 нафарга кўпайган.  

Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, шундан кейин касалланганлар умумий сони 105283 нафарга етган. Шу билан бирга, беморларнинг 74524 нафари (умумий касалланганлардан 70,7 фоизи) соғайиб кетган. Шунингдек, 746 та ўлим ҳолати қайд этилган.

26 майда Саудия Арабистонида коронавирус сабабли киритилган чекловлар юмшатилиши эълон қилинган. Жумладан, 31 майдан комендантлик соати соат 6дан 20гача оралиқда бекор қилинган. Фуқароларга ҳудудлараро машиналарда ҳаракатланишга рухсат берилган, дўконлар ва савдо марказлари очилган. Шунингдек, Маккадан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб жума намозлари адо этиш учун масжидлар очилган. 20 июнгача давлат муассасалари ҳамда хусусий корхоналар фаолиятини тиклаш режалаштирилган.

Шу билан бирга 5 июндан мамлакатнинг йириклиги бўйича 2-рақамли шаҳри – Жиддада касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабабли комендантлик соати яна узайтирилди. Шаҳар аҳолисига кўчага соат 6дан 15гача чиқиш мумкин, қолган вақт комендантлик соати амал қилади. Бундан ташқари, шаҳардаги давлат муассасалари ва масжидлар яна ёпилган.  

Мавзуга оид