АҚШ Эроннинг юзлаб кемалари ва компанияларига қарши санкциялар киритди
АҚШ молия вазирлиги Эронга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтирди. Унга Эроннинг 120 дан кўпроқ кемаси ва транспорт компанияси киритилди.
Санкциялар нефть ташувчи танкерлар ва энергия ресурсларини ташиш билан шуғулланувчи транспорт компанияларини қамраб олган. Жумладан, гап Эроннинг Islamic Republic of Iran Shipping Line (IRISL) давлат кемачилик компанияси ва унинг Шанҳайда жойлашган шўъба корхонаси E-Sail Shipping Company Ltd (E-Sail) ҳақида бормоқда.
АҚШ давлат котиби Майк Помпеонинг таъкидлашича, IRISL ва E-Sail’га қарши санкциялар кучга кириб бўлган. “Эроннинг ядро қуроли ва улар билан боғлиқ тизимларини ишлаб чиқмаслигини таъкидлашига қарамасдан, Эрон тузуми ядро қуролига қизиқиш билдирмоқда ва унинг муҳим элементларини қўлга киритиш йўлларини изламоқда”, деб ёзган Помпео Twitter’да.
Санкциялар оммавий қирғин қуроллари ва уларни етказиш тизимларини ишлаб чиқишда иштирок этувчи шахслар ва компанияларга тааллуқли фармойишга кўра киритилган. Помпеонинг таъкидлашича, IRISL “Эрон баллистик ракеталари ва ҳарбий дастурлари билан боғлиқ юкларни бир неча бор ташиган”.
АҚШ давлат котибининг қўшимча қилишича, IRISL ёки E-Sail билан ҳамкорлик қилувчи ёки уларни бирор-бир тарзда қўллаб-қувватловчи ҳар қандай компания ҳам санкциялар остига тушиши мумкин.
АҚШнинг Эронга қарши биринчи санкциялари 1970-йилларда киритилган. Ўшандан бери Вашингтон Эрон иқтисодиётининг турли тармоқларига босим ўтказишни кучайтириб борган. 2015 йилда Вашингтон Теҳрон билан ядро келишувини тузгач, бир қатор санкциялар бекор қилинган. Бироқ кейинроқ Дональд Трамп ҳокимият тепасига келгач, унинг маъмурияти Эрон ядро қуролини яратиш режасидан воз кечмаган деб ҳисоблаб, ушбу санкцияларни қайтара бошлаган.
Мавзуга оид
09:15
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
14:42 / 11.11.2024
Американинг круиз компанияси Трамп сиёсатидан қочишни истаганлар учун дунё бўйлаб 4 йиллик саёҳат таклиф қилмоқда
13:30 / 10.11.2024