Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бўстонлиқ туман ҳокимлиги тадбиркор тарафида. «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖнинг мақсади нима?
Бўстонлиқ туман маъмурий судида туман ҳокимининг 2019 йилдаги қарорларини бекор қилишни сўраётган «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖнинг шикояти бўйича суд иши давом этмоқда. Давлат идораларининг ўзаро муросаси келишмаслиги ортидан мулкни онлайн аукционда сотиб олган тадбиркор ҳам ишга жалб этилган.
«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг қуйи органи ҳисобланган «Энергоқурилишиндустрия» унитар корхонаси (ҳар иккала ташкилотнинг юз фоизлик акциялари давлатга тегишли) 2019 йил 15 август куни Бўстонлиқ туман ҳокимига хат йўллаб, ҳокимлик балансидаги, Искандар МФЙ ҳудудида жойлашган, қурилиш ости майдони 952,2 кв.м бўлган бино иншоотларини 3,7 гектар умумий ер майдонлари билан бирга ҳокимлик захирасига олишни сўраган.

Хусусан, хатда президентнинг 2018 йил 4 сентябрдаги ПҚ-3928-сонли қарори ижроси доирасида корхонага тегишли ҳудудда жойлашган ишлаб чиқариш жараёни учун аҳамияти қолмаган ва келажакда фойдаланиш кўзда тутилмаган 3,7 гектар ер майдони ва шу майдонда жойлашган 7та эски таъмирталаб бино учун корхона йиллик 58,7 млн сўмлик солиқлар тўлаб келаётганини инобатга олиб, ушбу мулкни корхона балансидан чиқариш ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги захирасига олиш сўралган.
Ушбу хатга асосан, туман ҳокимининг 2019 йил 16 сентябрдаги 187-сонли фармойиши қабул қилиниб, «Энергоқурилишиндустрия» УКга тегишли бино-иншоотлар ҳамда ер майдони ҳокимлик захирасига олинган.
Таъкидлаш жоизки, қарийб 20 йилдан буён қаровсиз ва ташландиқ ҳолатда бўлган ва ихтиёрий равишда туман ҳокимлиги захирасига берилган ушбу объект давлат мулки объектларидан оқилона фойдаланиш, фойдаланилмаётган ёки самарасиз фойдаланилаётган бино-иншоотлар ва ер участкаларини ишлаб чиқариш фаолиятига жалб этиш, шу жумладан уларни ҳокимликлар балансига олиш ва кейинчалик инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар асосида тадбиркорлик субъектларига реализация қилишга оид президент ва ҳукуматнинг фармон ва қарорларига асосан онлайн аукцион савдоларига чиқарилган.


2020 йил 19 феврал куни ўтказилган давлат онлайн аукцион савдоларида «Кавсар мадад» хусусий корхонаси ғолиб чиқиб, Бўстонлиқ тумани Искандар МФЙ ҳудудида жойлашган, туман ҳокимлиги балансидаги, қурилиш ости майдони 952.2 кв.м бўлган бино иншоотларини 3,7 гектар умумий ер майдонлари билан бирга сотиб олган.
Ҳозирга қадар тадбиркор томонидан у ерга инвестиция лойиҳаси доирасида 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган.


Лекин «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ 2020 йил 12 март куни Бўстонлиқ туман маъмурий судига жавобгар Бўстонлиқ туман ҳокимлигига нисбатан ҳокимнинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний ва чиқарилган қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида шикоят киритган.
Воқеанинг тафсилотлари ҳақида аввалги мақолада батафсил баён қилинган эди.
Суд иши якуний паллага кирди
Карантин туфайли танаффус эълон қилинган суд иши жорий йилнинг 5 июн куни давом эттирилди ва тарафларнинг музокара нутқи тингланди.
«Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖнинг ишончли вакили ва «Энергоқурилишиндустрия» унитар корхонаси манфаатини ҳимоя қилган адвокат музокара нутқида «Энергоқурилишиндустрия» УК ўз мол-мулкини тасарруф этиш ҳуқуқга эга бўлмаганини, «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ кузатув кенгашининг розилиги бўлмасдан туриб мол-мулкларини бегоналаштириш ҳуқуқига эга эмаслигини, шу боисдан ҳам Искандар МФЙдаги ер участкаси ва бино-иншоотларни ҳокимлик захирасига олиш тўғрисидаги фармойишни ҳақиқий эмас деб топиш, ҳақиқий эмасликнинг оқибатларини қўллаш лозимлигини сўради.
«Кавсар мадад» хусусий корхонаси вакиллари эса ўз музокара нутқида «Энергоқурилишиндустрия» унитар корхонасининг 2019 йил 15 августдаги Бўстонлиқ туман ҳокимига йўллаган 01-05/44-сонли хати бир томонлама битим мақомида экани, аризачи шикоят талабларини қўлловчи далил ва исбот тақдим этмагани, аксинча муқаддам ўзининг даврий ҳисоботларида мулкнинг Бўстонлиқ туман ҳокимлиги балансига ўтиши фактини тан олган ва маъқуллаган, қолаверса бунинг эвазига солиқлар ва бошқа ажратмалардан озод бўлганини кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, шикоятнинг аксарият талаблари маъмурий суд эмас, иқтисодий суднинг ваколатига тааллуқли экани, аризачи томонидан судга шикоят киритиш муддати узрсиз ўтказиб юборганини таъкидлаб, Олий Суд Пленумининг 2019 йил декабраги «Маъмурий органлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш бўйича суд амалиёти ҳақида»ги 24-сон қарори 18-бандига кўра, маъмурий органлар ва улар мансабдор шахслари қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят бериш тўғрисидаги ишларни кўришда, суд Фуқаролик кодексининг даъво муддати тўғрисидаги нормаларини қўллашга ҳақли эмас ва фақат Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ҳамда тегишли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунларда назарда тутилган муддатларгагина асосланиши кераклигига оид нормалардан иқтибос келтирди.
Бундан ташқари, шикоятнинг пировардида хусусийлаштириш натижасини бекор қилишга қаратилгани туфайли «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги ҳамда «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун талаблари асосида кўрмай қолдирилиши лозимлиги таъкидланди.
Бўстонлиқ туман ҳокимлиги тадбиркор тарафида
Судда жавобгар сифатида иштирок этган Бўстонлиқ туман ҳокимлиги юристи Ёқубжон Қаюмов эса, гарчи музокарага тайёр эмаслигини маълум қилиб, суд ишини бошқа кунга қолдиришни сўраган бўлса-да, Kun.uz вакилига берган интервьюсида «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ талабларининг асоссизлигини, мулкни ҳокимлик захирасига олиш билан боғлиқ ҳаракатлар қонуний амалга оширилганини, шунинг баробарида «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖ маъмурий судга шикоят киритиш учун белгиланган муддат ўтказиб юборганини, навбатдаги суд мажлисида тақдим этажак музокара нутқида албатта ушбу ҳолатларни акс эттиришини таъкидлади.
Суд ишни Бўстонлиқ туман ҳокимлиги вакилининг музокара нутқини эшитиш учун 12 июнь – жума кунига қолдирди.
Мавзуга алоқадор бўлмаган иккита факт
«Янгиобод» турбазасининг Олий суд томонидан ўз эгасига қайтарилиши ва «SULTON TEX GROUP» хусусий корхонаси бўйича суд ишининг тадбиркор фойдасига якунланганига оид хабарлар шу кунларнинг яхши янгиликлари сифатида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Аксарият фуқаролар шу икки иш сабаб суд органлари мустақиллигининг таъминланаётгани ва судьяларнинг адолатли ва қонуний қарорлар қабул қилаётганини олқишлаган.
«Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖнинг мақсади ҳамон маълум эмас
Аввалги мақолада «Ўзбекгидроэнергоқурилиш» АЖга таҳририят ва жамоатчиликни қизиқтираётган бир қатор саволлар қўйилган эди.
Орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамай, компания узоқ йиллар ташландиқ ҳолда ётган биносини инвестиция киритиб, юзлаб иш ўринлари яратмоқчи бўлаётган тадбиркордан тортиб олишидан кўзлаган мақсади нима экани ҳануз мавҳум бўлиб қолмоқда.
Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.
Дилшод Абдуқодиров
Мавзуга оид
11:21 / 20.04.2026
Парвариш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар 2030 йилгача солиқдан озод этилади
12:15 / 10.04.2026
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
11:47 / 09.04.2026
“Обналчи” корхонанинг солиқ мажбурияти ҳалол тадбиркор гарданига юкланяпти” – тадбиркорлар Солиқ қўмитасидан норози
20:57 / 03.04.2026