Иқтисодиёт | 10:56 / 09.06.2020
6376
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Сингапур эркин савдо тўғрисида битим тузиши мумкин

Эркин савдо имкониятларини ўрганиш бўйича қўшма ишларни фаоллаштириш таклиф этилди.

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 8 июн куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Сингапур бош вазири ўринбосари - молия вазири Хэнк Сви Кит ва Сингапур савдо ва саноат катта давлат вазири Ко По Кун билан коронавирус пандемиясига қарши кўрилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилди.

Музокаралар доирасида иштирокчилар Сингапур инвестициялари иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳолати, шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим ва соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва транспорт инфратузилмаси соҳасидаги шерикликни янада кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Мавжуд лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш ва Ўзбекистонда бизнес юритиш учун Сингапурнинг янги компанияларини жалб этиш бўйича аниқ тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадида ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини ривожлантириш ва иккала мамлакат ишбилармон доираларини ўзаро манфаатли ҳамкорликка ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириш учун платформа – Ўзбекистон - Сингапур бизнес Кенгашини тузиш ғояси муҳокама қилинди.

Икки мамлакатнинг манфаатдор компанияларини савдо шартномаларини ишлаб чиқишга жалб этиш орқали Сингапурга ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйиш механизмлари атрофлича муҳокама этилди. Савдо айланмасини ошириш бўйича салмоқли салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида эркин савдо тўғрисидаги битимни тузиш имкониятларини ўрганиш бўйича қўшма ишларни фаоллаштириш таклиф этилди.

Икки мамлакат ўртасида йўловчи ва юк қатновларини жадаллаштириш, шунингдек, юк ташиш оқимларини бошқариш ва авиакомпаниялар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етакчи Сингапур транспорт компаниялари тажрибасини ўрганиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Томонлар “Сингапур ҳамкорлик дастури” доирасида Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарияти учун малака ошириш ўқув курсларини ташкил этиш, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш бўйича стратегик маслаҳатчилар сифатида сингапурлик экспертларни жалб қилиш, шунингдек, Наманган вилоятида Ижтимоий фанлар бўйича Сингапур университети филиалини очиш каби таълим салоҳиятини юксалтиришга қаратилган институционал ҳамкорлик истиқболларини алоҳида муҳокама қилишди.

Сингапур томони институционал салоҳиятни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш орқали Жаҳон савдо ташкилотига кириш жараёнида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш, шунингдек эркин савдо тамойилларини ривожлантиришда тажриба алмашиш учун сингапурлик мутахассисларни жалб этиш бўйича қатъий ниятларини билдирди, дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид