Жамият | 15:51 / 09.06.2020
15381
4 дақиқада ўқилади

Самарқандда таъмири чала ташлаб кетилган мактаб икки йилдан бери хароб аҳволда қолмоқда

Тан олиш керак, шу вақтгача айнан Самарқанд шаҳрида абгор мактаблар борасида шикоятлар бўлмаган эди. Шу сабаб «шаҳардаги 47-умумтаълим мактаби икки йилдан хароба аҳволда» мазмунидаги мурожаат аввалига бизни таажжублантирди.

Афсуски, мурожаатчи ҳақ, мактабнинг бир неча биноси мана шу аҳволда экан:

Бир қараганда, эшик деразалар қўпорилган, сувоқлар кўчирилган бу бинода таъмир кетаётгандек кўринади. Аммо бу таъмирнинг бошланганига икки йил бўлган.

Шунча вақт мактабнинг бир нечта биноси таъмири чала ҳолида қолиб кетгани учун бу ерда таълим олишнинг имкони йўқ. Таъмири ниҳоясига етказилган битта бино мактаб эҳтиёжи учун етарли эмас.

Яъни мактабнинг 450 ўринли ўқув биноси ҳамда объектнинг спорт ва фаоллар зали, ошхона бинолари, ёрдамчи хоналарда таъмирлаш тўхтаб қолган. Эшик ва деразалар қўпариб олинган. Бинонинг том қисми ва ҳожатхонада эса таъмирлаш бошланмаган ҳам.

Нима сабабдан мактабда улкан таъмирлаш ишлари бошланган-у, охирига етмай қолиб кетган?

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 июндаги «Самарқанд вилоятини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ўша йили мазкур мактаб таъмири учун маблағ ажратилган. Буюртмачи – вилоят инжиниринг компанияси томонидан қурувчи – «Бунёд сантех монтаж» МЧЖ ҳисобрақамига 2 миллиард 493 миллион сўм мукаммал таъмирлаш ишлари учун ажратилган.

Мазкур лойиҳа асосида мактабнинг 800 ўринли битта уч қаватли биноси ва иншоотлари таъмирланган. Бироқ 2018 йилда маблағ етишмагани сабабли мактабнинг қолган биноларида таъмирлаш якунига етмаган.

Содда қилиб айтганда, маблағ мактабнинг битта биноси учун ажратилган. Аммо таъмирлаш ишлари негадир бошқа биноларда ҳам бошлаб юборилган. Ва бу ишлар учун маблағ ажратилмагач, икки йилки деярли шу ҳолича қолиб кетган.

Модомики, охирига етказилмас, маблағ ажратилмас экан, бу таъмир бошланмаса, эскироқ бўлса ҳам бинолардан фойдаланиб туриш мумкинмасмиди? Нима сабабдан қурилиш корхонаси бошқа биноларда ҳам қурилишни ишларини бошлаб юбориб ана шу ҳолатга келтириб қўйди?

Эҳтимол, қурувчи ташкилот бу саволларга жавоб бера олар, эҳтимол, қайсидир ташкилотнинг оғзаки гапи билан кейинчалик маблағ ажратилиши умидида бу ишлар бошланган ёхуд бу ерда бошқа сабаблар бордир. Афсуски, қурилиш корхонаси вакиллари билан боғлана олмаганимиз учун саволлар очиқ қолмоқда.

Ана шу тарзда бугун Самарқанддек шаҳардаги бир неча маҳалла фарзандлари таҳсил оладиган катта бир мактабда 28та синф хонаси ва бошқа муҳим иншоотлар таъмирталаб қолмоқда.

Дастлаб, 2019 йил йил таъмирлаш режалаштирилган бўлса, эндиликда мактаб таъмири 2020 йил дастурига киритилгани айтиляпти.

Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими ҳолат юзасидан қатор юқори ташкилотларга хат билан мурожаат қилган. Бу мактабга ҳокимлик мутасаддилари ҳам, ҳатто ўз вақтида халқ таълим вазирлиги масъул шахслари ҳам ташриф буюриб муаммодан воқиф бўлган. Аммо ҳамон ечим йўқ.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги қурилиш бўйича мутасаддилари айни масала бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, муаммонинг сабаби ва ечими батафсил ўрганилиши режалаштирилганини маълум қилишди.

Демак, тез орада кўплаб саволларга, энг муҳими, мактаб қачон тўлиқ фойдаланишга топширилиши масаласига аниқлик киритилишига умид қиламиз.

Kun.uz мазкур масала бўйича воқеалар ривожини кузатиб боради.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид