Ўзбекистон | 11:40 / 09.06.2020
20268
7 дақиқада ўқилади

Тошкентда Россиянинг яна бир университети филиали ташкил этилади

Тошкент шаҳрида Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси “Санкт-Петербург давлат университети” филиалини ташкил этиш мўлжалланмоқда.

Фото: РИА Новости

Президентнинг “Тошкент шаҳрида Федерал давлат бюджет олий таълим муассасаси “Санкт-Петербург давлат университети” филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлигининг таклифи ва 2020 йил 13 мартдаги 28-15-91-сонли келишувга асосан Тошкент шаҳрида Олий таълим Федерал давлат бюджет таълим муассасаси “Санкт-Петербург давлат университети” (СПбДУ) (Россия Федерацияси) филиалини ташкил этишга розилик берилиши мумкин.

Бунда:

а) Филиал кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда таълимнинг келишилган асосий йўналишлари (мутахассисликлари) бўйича барча даражадаги мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш, шу жумладан, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади;

б) Филиалда таълим Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ, Санкт-Петербург давлат университети томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлари асосида белгиланган таълим стандартларига мос равишда рус тилида олиб борилади;

в) абитуриентларни қабул қилиш ва Филиал битирувчиларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Университет томонидан белгиланган талаблар, тартиб ва муддатларда амалга оширилади;

г) Филиал битирувчиларига Ўзбекистон Республикасининг олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган белгиланган намунадаги Университет дипломи берилади;

д) Филиал фаолияти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва Россия Федерацияси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади;

е) Филиалга қабул квоталари Университет томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда тасдиқланади;

ж) Филиалнинг давлат грантлари асосида таълим олган битирувчилари беш йил муддатдан кам бўлмаган кейинги мажбурий ишлаб бериш учун республика муассасаларига ишга тақсимланади;

з) Филиал фаолиятини молиялаштириш:

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига талабаларни, бироқ Филиалга таълим олиш учун қабул қилинадиган талабалар умумий сонининг 30 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳолда, давлат гранти асосида ўқитишга ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

талабалар таълимидан тўлов-контракт асосида тушган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари ва мақсадли бадаллари;

халқаро молия институтлари, хорижий ташкилотлар грантлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади;

и) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилдаги Филиални таъминлаш учун бюджет ажратмалари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижтимоий соҳага харажатлари миқдорлари тасдиқланган доирасида ажратилади, 2021 йилдан эса мазкур соҳа учун харажатларнинг йиллик миқдорлари назарда тутилади.;

й) Филиал Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, М.Ойбек кўчаси, 16-А-уй манзилида жойлашган биносига тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қоплаган ҳолда “нол” ставкадаги ижара тўлови асосида жойлаштирилади;

к) Тошкент шаҳридаги Олий таълим Федерал давлат бюджет таълим муассасаси “Санкт-Петербург давлат университети” (СПбДУ) (Россия Федерацияси) Филиалида кадрлар тайёрлаш бўйича таълимнинг асосий йўналишлари (мутахассисликлари) рўйхатга мувофиқ шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Университет билан ҳамкорликда Филиалнинг таъсис ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органлари билан ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштиришни, шунингдек, белгиланган тартибда Филиални давлат рўйхатидан ўтказишни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Университет билан ҳамкорликда Россия Федерацияси ҳукуматига белгиланган шартларда Филиални ташкил қилиш ҳақидаги қарорини қабул қилиш бўйича мурожаат қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги даволаш-профилактика муассасалари, шунингдек, фармацевтика маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқарувчилари, жумладан, фармацевтика эркин иқтисодий зоналари иштирокчилари ва инновацион илмий ва ишлаб чиқариш фармацевтика кластери «Tashkent Pharma Park» резидентларининг Филиалнинг таълим дастурлари ва ҳамкорликдаги илмий тадқиқотларини амалга оширишда иштирокларини таъминлаши белгиланади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Филиалга фойдаланиш учун берилган бино ва иншоотларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳаларини 2021 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурларига белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Филиал талабномасига биноан, ушбу қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинган хорижий профессор-ўқитувчи ва маъмурий ходимлар (Россия Федерацияси фуқароси бўлмаган), шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун белгиланган тартибда кириш визаларини консуллик ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда расмийлаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Филиал талабномасига биноан Ички ишлар вазирлигига хорижий профессор-ўқитувчи ва Филиал маъмурий ходимлари, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун Ўзбекистон Республикасида вақтинчалик яшаш жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш ва уни узайтиришни белгиланган тартибда, давлат божи ундирмасдан таъминлаш юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Филиал талабномасига биноан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Филиал фаолиятини ташкиллаштиришда иштирок этувчи хорижий мутахассисларни республикага жалб этишда белгиланган тартибда рухсатномаларни бериш (узайтириш), шунингдек, белгиланган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар берилишини (узайтирилишини) таъминлаш юклатилади.

2023 йилнинг 1 январь муддатига қадар белгиланган тартибда расмийлаштириладиган рўйхат бўйича Филиални реконструкция, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва унинг фаолиятини таъминлаш учун олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-услубий адабиётлар, инвентарлар, қурилиш материаллари ва моддий-техника ресурслари божхона тўловларидан озод этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид