Ўзбекистон | 10:06 / 09.06.2020
6140
4 дақиқада ўқилади

Ер участкаларини олиш учун хулоса беришда 2,3 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган – ДХА

Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 158 нафар масъул ходимга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.

ДХА томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида ваколатли ташкилотлар томонидан “YERELEKTRON” ААТ орқали ер участкаларини олиш учун хулоса беришда 2,3 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги бош маслаҳатчиси Исомиддин Латипов маълум қилди.

Хусусан, сув таъминоти идоралари томонидан 536 та, электр таъминоти корхоналари томонидан 402 та, кадастр идоралари томонидан 359 та, қурилиш бўлимлари томонидан 340 та, газ таъминоти корхоналари томонидан 290 та, «Ўзтелеком» АЖ томонидан 154 та, ҳокимликлар томонидан 102 та, маданий мерос идоралари томонидан 77 та, экология органлари томонидан 50 та, солиқ органлари томонидан 37 та ҳолатда ер участкаларини танлаш материалларини келишиш ва хулосалар беришда қонун бузилишига йўл қўйилган.

“Ушбу ҳолатларни бартараф этиш мақсадида, ваколатли ташкилотларга 13 та тақдимнома ва 324 та огоҳлантириш киритилди. Қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 158 нафар масъул ходимга нисбатан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди.

Жумладан, қурилиш органларининг 33 нафар, электр тармоқлари корхоналарининг 32 нафар, сув таъминоти корхоналарининг 31 нафар, газ таъминоти корхоналарининг 20 нафар, «Ўзтелеком» АЖнинг 12 нафар, кадастр идораларининг 11 нафар, солиқ идораларининг 10 нафар, маданий мерос идораларининг 4 нафар, экология идораларининг 3 нафар ва маҳаллий ҳокимликларнинг 2 нафар масъул ходимларига нисбатан маъмурий жарима қўлланилди.

Мисол учун, Сурхондарё вилояти ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Жарқўрғон туман филиали масъул ходими С. Т ер участкаси ҳақидаги маълумотларни “YERELEKTRON” ААТга белгиланган тартибда киритмаган.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳар қурилиш бўлими ходими Н. Х. томонидан “YERELEKTRON” ААТга жойлаштирилган ер участкаси бўйича тегишли хулоса ўз вақтида берилмаган.

Хоразм вилояти Хонқа туман электр таъминоти корхонаси масъул ходими С. Х. техник шартларни ишлаб чиқишда муддат бузилишига йўл қўйган.

Қашқадарё вилояти «Сувоқова» ДУК Косон тумани филиалининг масъул ходими Ф. О. томонидан ер участкаси бўйича техник шарт 15 кунга кечиктирилиб берилган.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича масъул шахсларга нисбатан МЖтКнинг 215-5-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилди”, дея Исомиддин Латиповнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг таъкидлашича, ваколатли ташкилотлар ўзларига юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажармаётганлиги натижасида тадбиркорлик субъектларига ер участкаларини ажратишда сунъий тўсиқлар юзага келмоқда.

“Аслида тадбиркорлик учун ер участкаларини ажратишда ваколатли ташкилотлардан кўп нарса талаб қилинмайди, ўзларига юклатилган вазифалар ижросини ўз вақтида таъминлаб қўйишса кифоя.

Мамлакатимиз раҳбарининг тегишли қарорига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини “E-IJRO AUKSION” савдо майдончаси орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби жорий этилди.

Аукционга чиқариладиган ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва у бўйича хулосалар бериш жараёни ваколатли ташкилотлар томонидан фақат электрон шаклда “YERELEKTRON” ААТ орқали амалга оширилиши белгиланди.

Бу билан тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиб, ушбу жараёнда шаффофликни таъминлашга эришилди.

Мазкур тартиб бўйича ҳозирги вақтга қадар 711 та ер участкаси тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотилди”, дейди Исомиддин Латипов.

Мавзуга оид