Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
4та вилоятда қўғирчоқ театрлари ташкил этилади
Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
2021 йил 1 мартдан бошлаб Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қўғирчоқ театрлари давлат муассасаси шаклида ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан биргаликда қўғирчоқ театрлари биноларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун талаб этиладиган маблағларни 2020 йил Инвестиция дастури доирасида марказлаштирилган капитал қўйилма маблағларини қайта тақсимлаш ҳисобидан йўналтиради;
икки ой муддатда Навоий, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари қўғирчоқ театрлари биноларини қуриш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлашни Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритиш юзасидан тегишли таклифларни ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда киритади.
Белгилаб қўйилишича:
қўғирчоқ театрларининг фаолиятини молиялаштириш Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат театрлари ва концерт-томоша муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 18 апрелдаги 329-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади;
қўғирчоқ театрлари учун янгидан қуриладиган бинолар лойиҳа-смета ҳужжатларининг ишлаб чиқилиши ҳамда қурилиш-монтаж ишлари Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрининг хулосаси асосида амалга оширилади;
қўғирчоқ театрлари учун янгидан қуриладиган бинолар лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқилишида бинонинг атрофида болалар учун “болалар шаҳарчаси”ни барпо этиш назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Навоий, Наманган, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари билан биргаликда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажариш жараёнида ташриф буюрувчилар, хусусан, имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш, туристларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш, замонавий архитектура-режалаштириш, дизайн ва ландшафт ечимларига эътибор қаратган ҳолда ҳар бир театр биноси эскиз-лойиҳасининг театрнинг йўналиши ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши, шунингдек, театрларнинг бинолари эскиз-лойиҳасини тайёрлаш жараёнига театр соҳасидаги малакали мутахассисларнинг жалб қилинишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
қўғирчоқ театрлари уставининг ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;
қўғирчоқ театрларини малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда самарали фаолият юритишини ташкил этишни;
республика ва хорижий театрларининг малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда театрларнинг ижодкорларига режиссура ва актёрлик маҳорати ҳамда саҳна ҳаракати ва саҳна нутқи бўйича махсус маҳорат дарслари ўтказилишини;
янги ташкил этилаётган театрларда тажрибали актёрларни жалб қилган ҳолда, иқтидорли болаларни аниқлаш ва уларда артистик қобилиятларни ривожлантиришга қаратилган тўгаракларни ташкил этишни таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда:
ҳудудларда ташкил этилаётган театрлар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда келгуси ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтидаги Актёрлик санъати (қўғирчоқ театр актёрлиги) ва Режиссёрлик (қўғирчоқ театр режиссёрлиги) йўналишларига қабул квотасини кўпайтиришни;
қўғирчоқ театрларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида қўғирчоқ театри режиссёрлиги, актёрлиги ва драматургия йўналиши бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил қилишни;
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Қўғирчоқ театри рассоми” бўлимини очиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига уч ой муддатда таклиф киритади.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги болаларда Ватанга муҳаббат туйғусини, оилага, ўз халқининг миллий, тарихий, маданий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, болаларни театр санъати орқали тарбиялаш, болаларнинг шахсини шакллантириш, унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мамлакатимиздаги мулкчилик шаклидан қатъи назар мактабгача таълим ташкилотларини белгиланган меъёрларга асосан “Стол театри”, “Соя театри” ва “Бармоқ театри” ҳамда миллий эртак қаҳрамонлари билан жиҳозланишини тўлиқ таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:
2021 йилдан бошлаб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси билан ҳамкорликда ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этувчи бадиий-ғоявий баркамол ва замонавий қўғирчоқ пьесаларини яратиш учун саҳна асарлари танловини ўтказади;
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда театрларига болалар ва ёшларни жалб этиш, уларни қўғирчоқ театри санъатига бўлган қизиқишларини янада ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим муассасалари ва республикадаги мавжуд қўғирчоқ театрлари ўртасида ҳамкорлик шартномаларини тасдиқлаш ва ҳамкорлик ишларини йўлга қўйилишини таъминлайди;
барча давлат қўғирчоқ театрларининг фаолият самарадорлигини ошириш ҳамда мақсадли вазифаларга эришиш мақсадида давлат қўғирчоқ театрларида тарихий мавзудаги спектаклларни саҳналаштиришни 2021 йилда 20 тадан 30 тага, миллий замонавий мавзудаги спектаклларни 70 тадан 90 тага, 2022 йилда 30 тадан 40 тага, 90 тадан 105 тага етказиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси билан биргаликда:
қўғирчоқ театрларининг репертуарини тўлақонли шакллантириш, қўғирчоқ театри драматургиясини ривожлантириш, режиссёрлик ва актёрлик маҳоратини ошириш, қўғирчоқ усталарини тайёрлаш тизимини яратиш мақсадида 2021 йил 1 февралга қадар Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри қошида “Қўғирчоқ театри” студиясини ташкил этиш;
“Қўғирчоқ театри” студиясининг Низомини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлаш;
“Қўғирчоқ театри” студияси фаолиятини йўлга қўйиш ва машғулотларни олиб бориш учун драматурглар, малакали режиссёр ва актёрлар, қўғирчоқ усталари ҳамда профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ишларини таъминлайди.
Белгиланишича:
2021 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Қўғирчоқ театри санъати ва бошқа тегишли йўналиши талабаларининг амалиёт машғулотлари Ўзбек Миллий қўғирчоқ театрида ўтказилади;
республикадаги қўғирчоқ театрлари ижодкорларининг маҳоратини ошириш ва янгидан ташкил этилаётган қўғирчоқ театрлари учун мутахассисларни амалий тайёрлаш ишлари “Қўғирчоқ театри” студиясида шартнома асосида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда янги ташкил этиладиган давлат театрларида замонавий ахборот коммуникация тизимларини жорий этади.
Бунда қуйидагилар назарда тутилади:
а) билетларнинг интернет орқали ёки театр ҳудудида ўрнатиладиган махсус автоматлардан электрон шаклда (QR-кодли) сотувини амалга ошириш;
б) театрларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ягона электрон ахборот тизимига уланган видеокузатув камералар ва автоматик тизимлар (турникетлар) билан жиҳозлаш;
в) театрларнинг фаолиятига оид маълумотлар (репертуар, артистлар ва ҳ.к.), саҳналаштирилган асарларидан видеороликлар ва расмлар жойлаштирилган интернет сайтларни ишга тушириш;
г) ташриф буюрувчилар учун бепул Wi-Fi хизматини жорий этиш.
Мавзуга оид
18:34 / 26.04.2026
“Дача”ларнинг электрон базасини яратиш ва ижара нархларини назорат қилиш режалаштирилмоқда
09:35 / 01.04.2026
Мобил тарифларга янги талаблар жорий этилиши мумкин
08:11 / 18.03.2026
Битирувчилар учун 3 йил ишлаб бериш талаби бекор қилиниши мумкин
11:59 / 17.12.2025