Иқтисодиёт | 19:28 / 10.06.2020
15546
3 дақиқада ўқилади

Карантин даврида Тошкент шаҳрида қанча корхона фаолиятини тўхтатгани маълум қилинди

Коронавирус инфекциясига қарши амалга кирган карантин сабаб Тошкент шаҳридаги 77 161 та корхонадан 46 773 таси фаолияти тўлиқ ёки қисман тўхтатилган.

Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни шаҳар ҳокимлиги томонидан карантин даврида олиб борилган ишлар юзасидан ўтказилган онлайн брифингда маълум қилинди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаевга кўра, карантин талаблари юмшатилгач, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда 35 382 та корхона бугунги кунда яна ўз фаолиятини қайта тиклаган.

«Ҳозирда қолган 11 391та корхонанинг фаолиятини давом эттиришга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилмоқда», – деган Маҳмудхўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ҳокимлик расмийси карантин чекловлари сабаб қийин аҳволга тушиб қолган оилаларга кўрсатилган моддий ёрдамлар бўйича ҳам маълумот берди.

«Бу даврда 35 445та муҳтож оилага (127 208 нафар оила аъзоси) моддий кўмак берилди ва кундалик муҳим бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.

Булар:

- 3 360 таси ишсиз оилалар;

- 8 506 таси ногирон ва сурункали касал бор оилалар;

- 2 775 таси якка ёлғиз ва боқувчисини йўқотган оилалар;

- 8 164 таси кўп болали (5 ва ундан ортиқ) ва муҳтож оилалар;

- 793 таси кам таъминланган оилалар;

- 11 847 таси карантин сабабли доимий даромад манбайидан маҳрум бўлган ва бугунги кунда вақтинча ишсиз оилалар.

«Саховат ва кўмак» ҳаракати эълон қилингандан кейин Тошкентдаги мингдан ортиқ тадбиркорлар иштирок этиш истагини билдирди.

197 нафари эса, 1 923 нафар муҳтож фуқароларни ишга қабул қилишини маълум қилди. 34 930 та оилага очилган пластик карталарга 21 млрд 750 минг сўм ўтказиб берилди.

«Саховат ва кўмак» шаҳар ва туман жамғармаларига 1462та корхонадан 27 млрд 599 млн сўм маблағлар беғараз ўтказиб берилди.

Амалга оширилаётган ишлар «Саховат АРГОС» электрон дастурига киритиб борилмоқда», – деди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Ҳокимлик расмийсининг билдиришича, пойтахтдаги деҳқон бозорларда 14 мартдан 8 июнгача жами 21 394 тонна кундалик эҳтиёж учун муҳим бўлган маҳсулотлар сотилган.

Тошкент маҳаллаларида эса 2705та савдо ярмаркалари ташкил қилиниб, уларда жами 3 780 тонна маҳсулотлар сотилган.

Амалга оширилаётган ишлар «Саховат АРГОС» электрон дастурига киритиб борилмоқда», – деди Фурқат Маҳмудхўжаев.

Мавзуга оид