Ўзбекистон | 20:15 / 10.06.2020
7534
3 дақиқада ўқилади

Парламент қўмитаси раиси дунёда рўй бераётган жараёнларга баҳо бериб ўтди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг бугун бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида дунёда кечаётган воқеалар, хусусан турли давлатлардаги намойишлар ва Сўх воқеалари бўйича парламент қўмитаси аъзоларининг позицияси маълум қилинди.

Йиғилишда сўз олган қўмита раиси Эркин Солиҳов дунёда рўй бераётган тартибсизликлар ҳақида сўз юритиб, Сўх туманидаги можарога ҳам муносабат билдирди.

«Бугун биз тез суръатлар билан ўзгариб бораётган, шиддатли ва айни пайтда ўта мураккаб замонда яшамоқдамиз. Мамлакатнинг тинчлиги, сарҳадларининг дахлсизлиги нафақат ҳарбий хизматчиларга, балки фуқароларимиз қонунларга риоя этишларига ҳамда қадриятларимизни ҳурмат қилишларига ҳам боғлиқ.

Жаҳонда руй бераётган оммавий чиқишлар билан боғлиқ воқеа ва ҳодисаларнинг сабаблари ҳам турлидир. Айрим ҳолларда фуқаролар ўз эрки ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек йиғилиб қолган ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга эътиборни қаратиш мақсадида қонун доирасида ўтказаётган норозилик намойишларидан давлатнинг асосларига зарба беришга интилувчи ғараз ниятли кучлар ўз мақсадларида фойдаланмоқдалар.

Ер юзининг қайсидир бир чеккасида юз берган воқеадан бир неча сония ичида бутун дунё аҳли хабар топмоқда. Бугун АҚШ, Европанинг қатор давлатларида бўлиб ўтаётган кўп кунлик намойишлар, бутун дунё жамоатчилиги томонидан хадик ва хавотир билан кузатилмоқда», – деди Эркин Солиҳов.

Таъкидланишича, ҳар қандай ноқонуний намойиш тартибсизликнинг сабаби бўлиб, жамиятнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишига салбий таъсир этади.

Қонунчиликда митинглар, намойишлар, йиғилишлар фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш механизми бўлиб, улар демократиянинг муҳим принципларидан бири ҳисобланади.

Аммо, тинч намойишлар тартибсизлик ҳамда ўзгаларнинг ҳаёти ва мулкига зарар етказишдан фарқланиши, унда юрт тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи, вайронкор ғоялар ва ёвуз ниятли кучлар томонидан бошқарилмаслиги ҳамда амалга оширилмаслиги лозим.

 «Сўх туманидаги тартибсизликлар қандай келиб чиққани махсус комиссия томонидан ўрганиляпти. Натижалар кенг жамоатчиликка етказилади.

Шунингдек, президентнинг охирги уч йилликдаги сиёсатига кўра қўшни давлатлар билан яхши муносабат давом эттирилиши, мавжуд муаммолар диалог ва музокаралар билан ҳал қилиниши керак», – дея таъкидлади Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

Кенгайтирилган йиғилиш давомида қонун лойиҳаси муҳокамаси билан бир қаторда қўмита аъзолари ва йиғилиш иштирокчилари томонидан мамлакат тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи воқеа ва ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган фикр ва мулоҳазалар ҳам билдирилди.

Мавзуга оид