Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Пахта-тўқимачилик кластерлари қошида илмий марказлар ташкил этилади
Пахта-тўқимачилик кластерлари қошида илм-фан ютуқлари ва янги инновацион технологияларни жорий этиш бўйича илмий марказлар фаолияти ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта-тўқимачилик кластерлари қошида илм-фан ютуқлари ва янги инновацион технологияларни жорий этиш бўйича илмий марказлар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг ҳудудларда фаолият юритаётган пахта-тўқимачилик кластерлари қошида инновацияларни, илм-фан ютуқлари ва янгиликларини жорий этиш бўйича Илмий марказларни босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Белгилаб қўйилишича:
Илмий марказларнинг фаолияти пахта-тўқимачилик кластерлари қошида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик асосида пахтачилик соҳасидаги долзарб муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини йўлга қўйиш, илм-фан янгиликлари ва ресурстежамкор инновацион технологияларни жорий этиш орқали ерлардан самарали фойдаланиш ва маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга йўналтирилади;
Илмий марказларнинг фаолияти, қоида тариқасида, юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил этилади;
ташкил этилаётган пахта-тўқимачилик кластерларига ер майдонлари ажратиш шартларида улар қошида Илмий марказлар ташкил этиш бўйича мажбурий талаблар назарда тутилади.
Қуйидагилар Илмий марказларнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:
ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, мақбул алмашлаб экиш ҳамда илмий асосланган экинларни жойлаштириш тизимини жорий қилиш;
ғўзани янги турдаги минерал ва органик ўғитлар билан замонавий агротехнологияларни қўллаган ҳолда озиқлантириш самарадорлигини ошириш, касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг биологик ва экологик жиҳатдан хавфсиз уйғунлашган кураш тизимларини жорий қилиш;
ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ғўзани томчилатиб суғориш ҳамда сув ва ресурстежамкор технологияларни жорий этиш;
ғўзанинг янги, истиқболли серҳосил нав ва дурагайларини, синаш, танлаш, уларнинг уруғчилигини кенг йўлга қўйиш бўйича илмий-тадқиқотларни амалга оширишда иштирок этиш;
пахта хом-ашёсини етиштиришда қўл кучини камайтириш, агротехник тадбирларни механизациялаштириш ва автоматлаштириш даражасини ошириш, юқори унумли техника ва технологик ечимлар ҳисобига ҳал этиш юзасидан олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ривожлантиришнинг яқин ва узоқ муддатларга мўлжалланган истиқболли дастурларини илмий асосда ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
пахтачилик соҳаси ривожланган давлатларнинг илғор тажрибаларидан унумли фойдаланиш, амалиётга жорий қилиш ҳамда хорижий ҳамда давлат Илмий марказлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
республикамизда Organic ва Global G.A.P. халқаро стандартлари талабларига мувофиқ пахта хом-ашёсини ишлаб чиқариш ҳамда тайёр маҳсулот экспорти географиясини кенгайтириш бўйича чораларни кўриш;
илмий-тадқиқот ҳамда олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда давлат илмий-техник дастурлари доирасида эълон қилинган грант лойиҳалари танловларида иштирок этиш ҳамда амалга ошириш;
хўжалик субъектларига қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш бўйича маслаҳатлар, тавсиялар бериш ҳамда хизмат кўрсатиш;
қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасалари талабаларининг ишлаб чиқариш амалиётларини ўтказилишини ташкил этиш ҳамда магистрлар ва ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ишларини олиб боришлари учун шароитлар яратиш;
бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда пахта хом-ашёсини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва қўшилган қиймат занжирини шакллантиришга қаратилган ёш олимларнинг ҳамда иқтидорли ёшларнинг стартап лойиҳалари ва ғояларини қўллаб-қувватлаш;
инновацион ёндашувлар асосида ахборот технологиялари ва замонавий рақамли технологияларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этиш;
ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда пахта етиштириш бўйича илмий асосланган замонавий агротехнологияларни кенг тадбиқ этиш бўйича фермер хўжаликлари раҳбарлари ва агрокластерларнинг мутахассислари учун кўргазмали семинар-тренинглар ташкил этиш.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг пахта-тўқимачилик кластерларига Илмий марказлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш юзасидан харажатлар бўйича олинадиган ижтимоий солиқ қонун ҳужжатларида белгиланган ставкадан 50 фоизи миқдорида камайтирилган тартибда қўлланилиши тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Бунда мазкур имтиёз марказ ташкил этилгандан бошлаб уч йил муддатга амал қилади.
Мавзуга оид
10:45 / 12.05.2026
Фермерлар учун дизель ёнилғиси бўйича субсидия жорий этилди
09:57 / 12.05.2026
Пахта ва буғдой етиштирувчиларга янги молиявий имтиёзлар берилади
08:07 / 15.04.2026
Дунёда энг кўп пахта етиштирувчи давлатлар рейтинги эълон қилинди
12:15 / 14.03.2026