Жамият | 19:28 / 11.06.2020
18901
5 дақиқада ўқилади

Мурожаатчининг «оғзини ёпиш» муаммо ечими эмас: Қўшработда суюлтирилган газ баллон қандай етказиб бериляпти?

Қўшработ туманидаги Қўралос маҳалласида истиқомат қилувчи аёл уйига суюлтирилган газ баллон етказиб берилиши билан боғлиқ муаммони, аниқроғи етказиб берилмаётганини Kun.uz таҳририятга маълум қилди.

Дилдора Жабборованинг маҳалласига суюлтирилган газ баллон етиб келаркан, у ҳар сафар қайсидир ташкилотга мурожаат қилишга (ялинишга, дегимиз келмади), кимнидир инсофга чақиришга мажбур...

Дилдора опа дастлаб таҳририятга шу йил апрель ойининг ўрталарида мурожаат қилган эди. Унинг ёзишича, газ баллон маҳалладаги бир кишининг хонадонига тўпланган. Ўша хонадон эгаси: «Баллонни машинадан тушириб, ортиб бераётганимиз учун», дея аҳолидан 8 минг сўмгача ортиқча пул олаётганини айтганди.

Д.Жабборованинг мурожаати қанчалик асосли-асоссиз эканини билиш мақсадида туман ҳокимлигининг аҳолига суюлтирилган газ баллон етказиб бериш бўлими етакчи муҳандиси билан телефон орқали боғландик.

Дилдора опа эса бир кун ўтиб алоқага чиқди: «Қўяверингизлар, газ баллонни уйимизга етказиб беришди. Мени «ёзувчига» чиқаришмасин. Бундан кейин уйимгача олиб келиб беришаркан...»

«Муаммо биргина сизнинг уйингизга газ баллони етказиб бериш-бермасликда эмас. Бу жараённинг ўз меъёрлари бор, барча истеъмолчига қулайлик бўлиши керак. Қўшниларингизга ҳам газ баллон етказиб беришяптими?» деб савол бердик. Йўқ, бу аёл мурожаат қилгани учун фақат унинг уйигача газ баллон етказиб берилаётган экан.

Қолганлар эса 8 минг сўм қимматига, ками яна ортиқча йўл кира сарфлаб, баллонни уйида тўплайдиган акахонникига бориб келишаётганини билдирди.

Буни қарангки, бир ой ўтмай туриб, Дилдора опа яна мурожаат қилди. Ўша эски гап — газ баллон етказиб берилмаётгани, мушкул аҳволга тушиб қолганидан нолиди.

Карантин бироз юмшаганидан фойдаланиб, Қўшработга бордик.

Д.Жабборова Қўралос маҳалласининг Намуна гузарида истиқомат қилади. Мурожаатчи айтганича бор экан: у киши яшайдиган ҳудудга биров машинасини ҳайдаб бормайди. Ўйдим-чуқур йўллар, паст-баланд қирлар. Борган тақдирда ҳам тўрт километр учун ўша газ баллон пулининг камида яна ярмини тўлашга мажбур қилади.

«Сизларга иккинчи марта мурожаат қилганимдан бир кун ўтиб газ баллонни олиб келиб беришди. Энди унутишмас экан. Оилавий шароитимни кўришди. Турмуш ўртоғим вафот этган, ўзим учинчи гуруҳ ногирониман, икки нафар вояга етмаган фарзандим бор.

Шу ҳовлида деҳқончилик қиламиз, рўзғор тебратамиз. Карантин сабаб нонга пул тополмаган кунларимиз ҳам бўлди, жуда қийналдик. Шунинг учун газ баллонга ортиқча пул тўлаш, бирор машина ёллаб олиб келиш оғирлик қилди. Ўзларингиз кўрган бу йўллардан аравачани тортиш ҳам осон эмас. Болаларим ёш, ўзимнинг соғлигим кўтармайди», – деди Дилдора Жабборова.

Очиғи, мурожаатчи бу гапларини аҳолига суюлтирилган газ баллон етказиб бериш бўлими етакчи муҳандиси Феруз Тангировнинг олдида айтди.

Энди бир ҳолатга эътибор қилайлик. Маҳалланинг ушбу ҳудудида 30дан ортиқ хўжалик истиқомат қилади. Газ идорасининг раҳбари ҳаммага ҳам эмас, айнан мурожаат қилган фуқаронинг уйига газ баллонни етказиб беришни режалаштиряпти. Қолганлар эса маҳалланинг бошидаги аканинг ҳовлисидан аслида 22 минг 400 сўм турадиган газ баллонни 30 минг сўм тўлаб олишади.

Пули бўлса, уйигача ҳайдовчи ёллайди ёки шахсий автомобилида олиб кетади. Дилдора опага ўхшаганлар эса...

Шу ўринда бир ғалати ҳолат кишини таажжубга солади.

Ҳозирги кунда Қўшработ тумани бўйича ойига 20280та газ баллон аҳоли ва ижтимоий объект истеъмолчиларига етказиб берилмоқда. Табиий газ эса тумандаги 2761та хонадонга етиб боряпти.

Эътибор қилинг, суюлтирилган газ учун 11 нафар, табиий газ учун 25 нафар ходим жалб қилинган! Ваҳоланки, суюлтирилган газ истеъмолчилари сони табиий газ етиб бораётган ҳудудлардан каррасига кўпроқ.

Феруз Тангировнинг айтишича, Қўшработ ҳудудида у газ баллон етказиб бериши мумкин бўлган ҳудудларнинг энг узоғи 120 километргача. Ташкилотга эса 4та «Исузу» автомашинаси ажратилган.

Гарчи Феруз Тангиров бир ҳолатга иқрор бўлмаса-да, айтиш лозим: унинг ходимлари, техникалари Қўшработда суюлтирилган газ баллонни ҚОҒОЗДА ЁЗИЛГАНИДЕК аҳоли хонадонига етказиб бериш учун ожизлик қилади. Бу ҳолат наинки Қўшработ туманида, балки бошқа ҳудудларда ҳам кузатилмоқда. Шу сабабли маҳалланинг қайсидир қулай бир нуқтасига қолдириб кетиш афзал кўрилмоқда. Натижада одамлар шундоқ ҳам кечикиб бораётган газ баллонни «устама» тўлаб сотиб олишга мажбур бўляпти.

Соҳа масъулларидан шунчаки, Қўшработдаги қайсидир раҳбарга ҳайфсан беришни эмас, халқнинг розилигини олишлари учун уларга шароит яратиб беришларини кутиб қоламиз. Чунки ҳайфсан ёки ишдан четлатишни ягона чора сифатида кўрилиши бундай жараёнда жуда табиий йўл ҳисобланганига аввал ҳам гувоҳ бўлганмиз.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид