Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар маълум қилинди
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига тааллуқли қонунлар маънан эскирган бўлиб, уларни халқаро талабларга мос тарзда қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Бу ҳақида Миллий матбуот марказида ўтказилган “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари: муаммо ва ечим” мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Маълум қилинишича, дунёда бир йилда 600 млн.га яқин кишида озиқ-овқатдан заҳарланиш кузатилади. Заҳарланиш ҳолатларининг қарийб 10 фоизи инсон вафоти билан тугайди, 5 фоизи болалар улушига тўғри келади. Озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолатлари Ўзбекистонга ҳам тегишли.
“Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бевосита ишлаб чиқариш жараёнидан бошланади. Хомашё ва қўлланилаётган технология сифати, мутахассислар малакаси, тайёр маҳсулотни етказиб беришдан аввал хавфсизлик ва сифат нуқтаи назаридан баҳолаш жараёни муҳим рол ўйнайди. Маҳсулот қанчалик яхши бўлмасин, хавфсизлик ва сифат нуқтаи назаридан баҳоланмаса, унинг хавфсизлигини кафолатланган деб бўлмайди.
Хавфсизликни баҳолашнинг биринчи босқичи синов лабораторияларида, иккинчи босқичи сертификатлаш идораларида, якуний босқичи инспекцияларда амалга оширилади.
Ўзбекистонда 841та мувофиқликни баҳолаш идоралари бўлиб, улардан 600га яқини синов лабораториялари, 80таси маҳсулотларни сертификатлаштириш идоралари, 110га яқин метрология хизматлари, 23та сифат менежменти тизимларини сертификатлаш ва 22та инспекция идоралари ҳисобланади. Лекин уларнинг ҳаммасининг ҳам фаолияти халқаро талабларга жавоб беради деб айта олмаймиз”, дея “Ўзстандарт” агентлиги аккредитация маркази директори Ансабхон Зокировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Анжуманда айтилишича, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат кўрсаткичи нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам тан олиниши учун халқаро бозор талабларига мувофиқлашув талаб этилади. Маҳаллий синов лабораторияларининг регионал бозорда тан олиниши учун APAC ташкилотига, халқаро бозорда тан олиниши учун эса ILAC ташкилотига аъзолик талаб этилади. Натижада халқаро бозорларга тўсиқсиз, техник баръерларсиз кириб бориш учун шароит яратилади.
“Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишида республикада иккита ҳужжат – 1993 йилда қабул қилинган “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида”ги ва 2003 йилда қабул қилинган “Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида”ги қонунлар мавжуд бўлиб, уларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш талаб этилади. Чунки йиллар давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган бўлса-да, улар маънан эскирган. Халқаро стандартларнинг энг охирги версияларини қонунчиликда акслантириш лозим.
Дунёда қабул қилинган стандартларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш, мутахассисларни шунга мос равишда тайёрлаш, соҳа қонунчилигини халқаро талабларга мослаштириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳал қилиниши керак бўлган муаммолардир”, дея таъкидлади Ансабхон Зокиров.
Мавзуга оид
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
10:59 / 20.10.2024
ЖССТ саломатлик учун хавфли бўлган 5 турдаги озиқ-овқатлар рўйхатини эълон қилди
11:40 / 18.10.2024