Жаҳон | 08:27 / 11.06.2020
9371
2 дақиқада ўқилади

Пхеньян АҚШни Шимолий ва Жанубий Корея муносабатларига аралашмасликка чақирди 

Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги АҚШни Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатларга аралашмасликка чақирди, чунки Вашингтоннинг бунга ҳаққи йўқ. 

Корея марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Пхеньян ва Сеул муносабатлари “Шимолий Кореянинг ички масаласи ва корейс халқигагина тааллуқли ҳисобланиши” айтилган. Маълум қилинишича, Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлиги АҚШ давлат департаментининг Пхеньянни Сеул билан ҳамкорликни тиклашга чақирувчи баёнотини шу тариқа танқид қилган. 

Шимолий Корея ташқи ишлар вазирлигининг АҚШ бўйича департаменти бош директори Квон Чон Гун Вашингтон “ноябрдаги президент сайловлари муаммосиз ўтишини истаса, унга корейс ишларидан “ўзини узоқроқ тутишни” маслаҳат қилган ҳамда АҚШнинг “мунофиқ муносабатини” “жирканч” деб атаган. У Вашингтонга “тилига эрк бермасликни ва биринчи навбатда ўз ички ишларига эътибор қаратишни” тавсия қилган. 

Шимолий Корея 9 июнда Жанубий Корея билан барча алоқа каналларини блоклашини эълон қилганди. Бундан аввалроқ Пхеньян Сеулни шимолий кореялик қочқинларга Шимолга ташвиқот варақалари ва бошқа материаллар жўнатишига тўсқинлик қилмаса, Кореялараро алоқа бўлимини ва бошқа қўшма лойиҳаларни ёпишидан бир неча кун давомида огоҳлантирган.  

Мавзуга оид