Жаҳон | 19:07 / 11.06.2020
7929
2 дақиқада ўқилади

Туркияда АҚШ бош консулхонаси ходими қарийб 9 йилга қамалди  

Метин Топуз Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 2017 йил октябрда қўлга олинганди. Вашингтон уни ва АҚШнинг Истанбулдаги бош консулхонасининг қўлга олинган яна икки ходимини қўйиб юборишни талаб қилмоқда.

Фото: Reuters

Туркия суди АҚШнинг Истанбулдаги бош консулхонаси ходими Метин Топузни "террорчи гуруҳ билан ҳамкорлик"да айбдор деб топди ва унга саккиз йилу тўққиз ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда Haber Turk телеканали хабар берди.

Туркия прокуратураси ФЕТО террорчилик гуруҳи билан алоқадорлик ва жосусликда айбланган Топузни 15 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраганди.

Метин Топуз Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан 2017 йил октябрда қўлга олинганди. Вашингтон уни ва АҚШнинг Истанбулдаги бош консулхонасининг қўлга олинган яна икки ходимини қўйиб юборишни талаб қилмоқда.

Айблов хулосасига кўра, Топуз Анқара 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишга алоқадор деб ҳисоблайдиган ФЕТО террорчилик гуруҳи билан алоқада бўлган.  

2016 йил 15 июлда Туркия қуролли кучларининг бир гуруҳ аскар ва офицерлари давлат тўнтаришини амалга ошириш ва президент Ражаб Тоййиб Эрдўғанни қўлга олишга уринганди. Тўқнашувлар чоғида исёнчиларни ҳисобга олмаганда 250 киши ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид