Юнусободдаги «Mega Planet» мажмуасида намозхона ташкил этилди
Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган «Mega Planet» савдо-кўнгилочар марказида намозхона ташкил этилди. Бу ҳақда мажмуанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълумот берилди.
«Қадрли дўстлар, сизларга шуни маълум қиламизки, «Mega Planet» савдо-кўнгилочар марказимизда намозхона иш фаолиятини бошлади», дейилади хабарда.
Қайд этиш жоиз, 2019 йил январидаги президент фармони асосида Ўзбекистондаги аэропортлар, темирйўл ва автомобиль вокзалларида ибодат хоналари ташкил қилина бошланди. Бундан аввалроқ, 2017 йил кузида Тошкент халқаро аэропортида намозхона очилган, 2018 йилда Қуръон ва Ҳадис мусобақалари ташкил этилган эди.
2020 йил февралида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасида Ўзбекистон бўйлаб маълум жойларда таҳоратхона ва намозхоналар ташкил этилиши назарда тутилган эди. Қарор имзоланган тақдирда, жамоат жойларида таҳорат ва ибодат қилиш жойларига хос намунавий талаблар ишлаб чиқилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Давлат департаменти 2018 йил охирида Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича «қора рўйхат»дан чиқарди. 2020 йил апрелига келиб, Халқаро диний эркинлик бўйича АҚШ Комиссияси (USCIRF) ҳам Ўзбекистонни «алоҳида хавотирга молик давлатлар» рўйхатидан чиқариб, «махсус кузатув остида»ги мамлакатлар қаторига киритди.
10 июнь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатда диний эркинлик билан боғлиқ вазият яхшилангани учун мақтаб ўтди.
«Ўзбекистонда диний эркинлик билан боғлиқ вазиятни яхшилаш бўйича бир қатор қадамлар қўйилди ва бу давом этмоқда. Йил бошида мен ушбу мамлакатда бўлганимда, диний арбоблар билан ажойиб музокаралар ўтказдим», – деди АҚШ ташқи сиёсат идораси раҳбари.
Мавзуга оид
13:40 / 20.08.2024
Тошкентда қалбаки АҚШ долларини сотаётган шахслар қўлга олинди
13:02 / 23.07.2024
Юнусобод туманида янги қурилаётган бинода ёнғин содир бўлди
21:47 / 03.07.2024
Юнусободда сув қувуридаги авария оқибатлари бартараф этилмоқда
14:04 / 03.07.2024