Жаҳон | 00:17 / 12.06.2020
12410
2 дақиқада ўқилади

АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 2 млндан ошиб кетди

АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 2 млндан ошиб кетди. АҚШга дунёда коронавирусга чалиниш ҳолатларининг чорак қисмидан кўпроғи тўғри келмоқда. 

Фото: Mario Anzuoni / Reuters

Таъкидланишича, АҚШда вирусга чалинганлар сони Жорж Флойд ўлимидан кейин бошланган норозиликлар ортида ошмоқда. Бироқ АҚШ ҳукуматида норозилик намойишлари бошидан бери касалланганлар сони ошмагани таъкидланмоқда.

Айни вақтда АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 2 млн 77 минг кишидан ошди, ундан вафот этганлар сони эса 115 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 810 мингдан кўпроқ америкалик вирус келтириб чиқарувчи асоратлардан фориғ бўлган.

АҚШ вице-президенти Майк Пенснинг таъкидлашича, намойишлар бошлангандан бери 2 ҳафта ичида ҳукумат янги касалланиш ҳолатлари кўпаяётганини кузатмаяпти. Унинг айтишича, норозилик намойишларининг кўплаб иштирокчилари ниқоблар тақишмоқда ва ижтимоий масофага риоя қилишга ҳаракат қилишмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар умумий сони 7 млн 541 мингдан, ундан вафот этганлар сони 421 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Касалланганлар ва вафот этганлар сони бўйича АҚШ дунёда 1-ўринда турибди. Касалланганлар сони бўйича 2-ўринни Бразилия (787 минг нафар), 3-ўринни Россия (502 минг нафар) эгалламоқда. Кейинги ўринларни Ҳиндистон (298 минг) ва Британия (291 минг нафар) эгалламоқда.  

8 июнда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус коронавирус тарқалиши суръатлари Европада камаяётганига қарамай, дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият умуман олганда ёмонлашаётганини маълум қилган. Таъкидланишича, Жанубий Осиё, Африка ва Марказий Осиё давлатларида коронавирусга чалинишлар сони тобора ортиб бормоқда.

Шунингдек, охирги ҳафталарда Бразилияда ва Ҳиндистонда касалланишлар сони анча ошди. Ушбу икки давлат бу борада Европанинг коронавирусдан энг кўп азият чеккан давлатларини ҳам ортда қолдирган.

Мавзуга оид