1-синф ўқувчиларига берилган дарсликлар мактабга қайтарилиши талаб этилмоқда. Бу нечоғлик тўғри?
Таҳририятимизга 1-синфларга берилган дарсликларни ота-оналардан зудлик билан мактаб кутубхоналарига қайтариб топшириш талаб қилинаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мурожаатлардан бирида айтилишича, Термиз шаҳар халқ таълими бўлими барча мактаб директорларига хат йўллаб, вилоят ХТБнинг 2020 йил 1 июндаги 01-5/235-сонли хатига кўра жорий (2019/20) йилидан бошлаб, умумтаълим мактабларида фойдаланилаётган 1-синф дарсликларнинг фойдаланиш даврийлиги 2 йил этиб белгилангани маълум қилинган.
Термиз шаҳар ХТБ мактаб директорларига карантин даври тугагандан кейин 1-синф дарсликларини тоза, озода тутиш, яхши сақланишини назорат қилиш ва ўқувчилардан ўрнатилган тартибда қабул қилиб олиш бўйича 19 июнга қадар маълумотларни электрон шаклда тақдим этиш сўралмоқда.
Таҳририятга мурожаат қилган сурхондарёлик ота-оналардан айримлари «Президент совғаси қайтариб олинмоқда», дейишмоқда. Маълум бўлишича, улар топшириқни нотўғри талқин қилишган.
ХТВ ахборот хизмати бошлиғи Анвар Умаровнинг Kun.uz’га маълум қилишича, дарсликлар «Президент совғаси» таркибига кирмайди. Президент совғаси сифатида 1-синф ўқувчиларига 12 турдаги ўқув қуроллари берилади.
Жумладан, ёруғлик қайтаргич элементлари бўлган портфел, 2 хил чизиқдаги 12 дона дафтар, қаламдон, расм дафтари, рангли қоғоз, шарикли ручка, акварел буёқлари, рангли қаламлар жамланмаси, елим, оддий қаламлар ва ўчирғич янги ўқув йилининг илк куни «Президент совғаси» сифатида 1-синф ўқувчиларига топширилади.
Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2014 йил 28 апрелдаги «Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қўшма қарори билан тасдиқланган Умумтаълим мактабларини дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ўқувчи ва ўқитувчиларга бепул фойдаланиш учун берилган дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар ўқув йили якунида тўлиқ ҳажмда умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасига қайтарилади, 1-синф ўқувчиларига берилган иш дафтарлари бундан мустасно.
Шунингдек, дарсликлар ёки ўқув-методик қўлланмалардан фойдаланиш усулидан қатъи назар, улар йўқолган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган тақдирда, ўқувчининг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёхуд ҳомийлар ёки ўқитувчилар зарарни худди шундай дарслик ёки ўқув-методик қўлланмалар билан қоплайди ёхуд унинг бирламчи ҳужжатларда (ҳисоб-фактурада, юк хатида) кўрсатилган қийматини қуйидаги миқдорларда тўлайди:
- 1-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ЎМҚлари учун — унинг 1 баравари миқдорида;
- 2–4 синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ЎМҚлари учун — унинг 2 баравари миқдорида;
- 5–9 синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ЎМҚлари учун — унинг 4 баравари миқдорида.
«Бундан келиб чиқадики, 1-синф ўқувчиларининг дарсликлари мактабга қайтарилиши янгилик эмас. Бу тартибга 2014 йилдан буён ўтилган. Аввал қайтарилган дарсликлар утилизация қилинган, энди эса ундан янги ўқув йилидан бошлаб илк бора яна бир марта қайта фойдаланишга ўтилади», — деди Анвар Умаров.
Демак, ўрнатилган талабларга кўра, 1-синфларга берилган барча китоблар юқори синф ўқувчиларники сингари мактабларга қайтарилади. Фақатгина 1-синф ўқувчиларига берилган иш дафтарларидан ташқари.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
19:30 / 14.10.2024
«Толибон» Ўзбекистондан «Термиз» чегара бозорида мусиқа қўймасликни сўради – ОАВ
15:04 / 29.08.2024
Термизда Афғонистон билан савдо ва логистика тартибини соддалаштириш мақсадида халқаро савдо маркази очилди
15:12 / 27.08.2024
Термизда илк бор Ўзбекистон ва Афғонистон клублари халқаро ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди
18:27 / 19.08.2024