Ўзбекистон | 07:37 / 13.06.2020
16446
12 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чет эл фуқароларини рўйхатга олиш тартиби ўзгариши мумкин

Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Низомга кўра, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатларига мувофиқ меҳнат, хизмат, таълим олиш, даволаниш, зиёрат, дам олиш мақсадида ҳамда инвестор, фахрий фуқаро, ватандош, сайёҳ, хусусий меҳмон сифатида ёки спорт, маданият йўналишида вақтинча бўлишлари мумкин.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ички ишлар органларининг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (МваФРБ), жойлаштириш воситалари ёки даволаш муассасалари орқали вақтинча рўйхатга олинадилар.

Вақтинча рўйхатга олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхатга олинган жойларида яшашлари лозим.

Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз хоҳишларига кўра жойлаштириш воситаларида, даволаш муассасаларида ёки уй-жой майдонида таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахсларни хабардор қилган ҳолда яшайдилар.

Жисмоний ва юридик шахслар таклифисиз мустақил равишда Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар паспорт назоратидан ўтишдан олдин Низомда назарда тутилган талаблар ва жавобгарлик билан танишиб чиқадилар. 

Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ёнида паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати бўлиши ҳамда улар бу ҳужжатларни ваколатли органлар вакилларининг талабига мувофиқ тақдим этишлари шарт.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати йўқолганлиги ҳақида дарҳол қабул қилувчи ташкилотга ва ички ишлар органларига хабар қилишлари лозим.

Сайёҳларнинг ҳужжатларини текшириш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланадиган соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ташкилотлардан бирининг таклифига мувофиқ келган ҳолларда бошқа ташкилот ушбу фуқарога нисбатан мажбуриятларни ва Низомда назарда тутилган жавобгарликни зиммасига олган ҳолда, уни ўз йўналиши бўйича Ўзбекистон Республикасида қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасида вақтинча рўйхатдан ўтказиш ва унинг ҳудудида ҳаракатланиши учун рухсатномалар бериш тартиби Ўзбекистоннинг бошқа мамлакатлар билан икки томонлама ва кўп томонлама битимлари билан, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тенг асосларда ўзгартирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя этишлари шарт.

Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли равишда миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати билан вақтинча рўйхат асосида яшайдилар. Вақтинча рўйхатга олиш чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикасига кириб келганларидан кейин ҳудудий МваФРБ ёки даволаш муассасаларига уч иш куни давомида, жойлаштириш воситаларига эса икки кун давомида мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.

Вақтинча рўйхатга олинишнинг муддати чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси назорат-ўтказиш пункти орқали кириб келган санадан кейинги куннинг 00:01 соатидан бошлаб ҳисобланади.

Қуйидагилар вақтинча рўйхатдан озод қилинадилар:

а) республикага Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифига мувофиқ келган хорижий мамлакатлар давлат ва ҳукумат раҳбарлари, парламент ва ҳукумат делегацияларининг аъзолари, ушбу делегацияларнинг техник ходимлари, санаб ўтилган шахсларнинг оила аъзолари;

б) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан берилган паспортлар бўйича Ўзбекистон Республикасига келган шахслар;

в) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитация қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

г) 16 ёшга тўлмаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

д) Ўзбекистон Республикасига байрам ва дам олиш кунларида ёки оддий кунларда уч иш кунигача бўлган муддатга келадиган ҳамда шу кунлар давомида республикадан чиқиб кетадиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

е) саёҳат қилаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар уларнинг республиканинг ҳар бир аниқ аҳоли пунктида бўлиш муддати уч кундан ошмаса, уларнинг бўлганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар (хизматлардан фойдаланганлигини, товарлар харид қилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, фото ёки видеотасвирлар)дан бири мавжуд бўлганда. Бунда битта аҳоли пунктида узлуксиз рўйхатдан ўтиш талаби қўйилмайди;

ж) Ўзбекистон Республикасига белгиланган тартибда келган чет эл ҳарбий самолётлари (кемалари) экипажларининг аъзолари;

ҳарбий самолётлар (кемаларнинг) экипажлари аъзоларининг қирғоққа тушиши ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб юришига ҳарбий самолётлар (кемалар) қабул қилиш режасига мувофиқ катта (ҳарбий) бошлиқ томонидан рухсат этилади;

з) халқаро йўлларда юк ва йўловчилар ташишни амалга оширувчи хорижий автотранспорт воситалари экипажлари таркибига кирувчи шахслар, ташишларни амалга ошираётган йўналишларидаги шаҳарларда ва аҳоли яшаш жойларида, шу жумладан, борадиган жойларида бўлган чоғларида;

и) ҳарбий бўлмаган чет эл кемалари экипажлари таркибига кирувчи шахслар гарнизонларда ва чегара шаҳарларида бўлган чоғларида, бу шахслар уюшган ҳолда саёҳатга чиққан вақтларида эса, Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарларида ҳам. Чет эл фуқаролари кўрсатиб ўтилган тоифаларнинг объектлардан чиқишларига портларда амалда бўлган қоидалар ва йўриқномаларга мувофиқ чегара қўшинлари вакиллари томонидан рухсат этилади;

к) халқаро авиация йўлларининг фуқаро ҳаво кемалари экипажлари, халқаро темир йўл поездлари бригадалари таркибига кирувчи шахслар, қатновнинг амалдаги жадвалида кўрсатилган аэропортларда ёки бекатларда бўлган чоғларида.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни вақтинча рўйхатга олиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

а) жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасалари маъмурияти томонидан улар келиб жойлашган вақтда, қанча муддат бўлишларидан қатъи назар, “E-mehmon” дастури ёрдамида;

б) чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни таклиф қилган (қабул қилаётган) ва уларга турар жой берган жисмоний шахслар томонидан:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бўлиш муддати 30 кундан ошмаса, улар келиб жойлашган пайтда “E-mehmon” дастури ёрдамида ёки уч иш куни ичида ҳудудий МваФРБга мурожаат этиш орқали;

агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бўлиш муддати 30 кундан ошса, уч иш куни ичида ҳудудий МваФРБга мурожаат этиш орқали;

в) мустақил равишда саёҳат қилаётган, палаткали лагерларда ва тунаш учун жойлашиш воситасига айлантирилган ер транспортида яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар келганларидан кейин икки кун мобайнида туристик-ахборот марказларига ёки яқин орадаги жойлаштириш воситаларига мурожаат қилиш йўли билан “E-mehmon” дастури орқали.

Жойлашган шахсларнинг ҳисоби жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари томонидан юритилади.

Жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари томонидан ушбу талабнинг бузилиши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

МваФРБ, жойлаштириш воситалари ва даволаш муассасаларининг масъул шахслари ҳамда фуқаролар томонидан автоматлаштирилган ахборот тизими орқали вақтинча рўйхатга олинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар ИИВ МваФРББда умумлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида чет эл фуқароларининг қуйидаги тоифалари аккредитация қилинади:

а) хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг бошлиқлари ва ходимлари, ҳарбий атташелар, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларининг маъмурий-техник ва хизмат кўрсатиш ходимлари, уларнинг қарамоғи остидаги оила аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган ва унинг ҳудудида доимий яшамайдиган уй ишчилари;

б) оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва уларнинг оила аъзолари;

в) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган халқаро ва ҳукуматлараро ташкилотларнинг ваколатхоналари бошлиқлари ва ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғи остидаги оила аъзолари;

г) Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган иқтисодий, техникавий ҳамкорлик ва гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича хорижий давлатлар ҳукумат ташкилотларининг бошлиқлари ва ходимлари, шунингдек, уларнинг қарамоғи остидаги оила аъзолари;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мазкур шахсларга аккредитация карточкалари берилади ҳамда бевосита уларнинг миллий паспортларига аккредитация ҳақида ёзиб қўйилади.

30 кунгача вақтинча рўйхатга олиш учун таклиф қилган (қабул қиладиган) шахслар “E-mehmon” дастури орқали туристик йиғимни (меҳмонхона йиғимини) тўлайдилар ва унга қуйидаги маълумотларни киритадилар:

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча рўйхатга олинадиган манзил ва уй-жой мулкдори (мулкдорлари) тўғрисидаги маълумотлар (фамилия, исми, отасини исми, туғилган санаси, кўчмас мулкнинг кадастр рақами, телефон рақами);

чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар (фамилия, исми, отасини исми (мавжуд бўлса), туғилган санаси, келишдан мақсади, виза тури, берилган санаси ва амал қилиш муддати, миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжатининг серия ва рақами, берилган санаси ва амал қилиш муддати).

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни 30 кунгача ва ундан ортиқ муддатга вақтинча рўйхатга олиш учун таклиф қилган (қабул қиладиган) жисмоний ва юридик шахслар ҳудудий МваФРБга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

миллий паспорт ёки ҳаракатланиш ҳужжати;

кадастр ҳужжатларининг (кадастр паспорти, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма) асл нусхаси (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

уй-жой мулкдори (мулкдорлари)нинг ёзма аризаси (розилиги) ёхуд шахсан топшириш имкони бўлмаганида, нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги);

агар чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳнат фаолияти билан шуғулланса, қабул қилувчи юридик шахснинг белгиланган шаклдаги талабномаси;

инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳақидаги маълумотлар – хорижий инвесторлар, улар томонидан чет эл фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари) учун инвестиция лойиҳаси вилоят ҳудудида амалга оширилган тақдирда;

“Фахрий фуқаро” мақомини бериш тўғрисидаги гувоҳнома – “Фахрий фуқаро” мақоми берилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари (эри, хотини ва вояга етмаган фарзандлари) учун;

30 кунгача вақтинча рўйхатга олинганлик учун туристик (меҳмонхона) йиғимни тўлаганлик тўғрисидаги квитанция;

ҳужжатларни кўриб чиққанлик ва расмийлаштирилганлик учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ Давлат божлари ставкаларида белгиланган миқдорда давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитанция.

Давлат божи суммаси қуйидаги тартибда тақсимланади:

8 фоизи – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармасига йўналтирилади;

92 фоизи – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳисобига ўтказилади.

Мавзуга оид