Жаҳон | 00:10 / 14.06.2020
8333
2 дақиқада ўқилади

Лондонда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди

Футбол ишқибозлари ва миллатчилар мамлакат бош вазири қароргоҳини ўраб олган полициячиларга қарата ичкиликдан бўшаган шишаларни улоқтиришган.

Фото: Rob Pinney/LNP

Футбол ишқибозлари ва ўнг радикаллар Black Lives Matter ҳаракатига қарши бўлганлар ўтказаётган акцияда полициячи ва журналистларга нисбатан тажовузкорлик қилмоқда, деб хабар берди РИА Новости.

Аввалроқ қора танлилар ҳуқуқи учун курашувчи Black Lives Matter (BLM) ҳаракати Лондонда митинг ўтказишни режалаштирганди. Бироқ футбол ишқибозлари бирлашмалари пойтахтга келиб ёдгорликларни ҳимоя қилишини маълум қилганидан сўнг митинг бекор қилинганди. Аммо шунга қарамай, футбол ишқибозлари ва ўнг сиёсий қарашлар тарафдорлари  Лондон марказига келишди.

Ишқибозлар ва миллатчилар мамлакат бош вазири қароргоҳини ўраб олган полициячиларга қарата ичкиликдан бўшаган шишаларни улоқтиришган. Қайд этилишича, акция иштирокчиларининг аксарияти маст ҳолатда бўлиб, полициячи ва журналистларга нисбатан тажовузкорона ҳаракат қилишган.

Хабар қилинишича, Трафальгар ва Парламент майдонларида ҳам полиция билан тўқнашувлар юз берган.  

Британия ички ишлар вазири Прити Пател бу борада ўз нуқтаи назарини маълум қилди.

"Зўравонлик ва бузғунчилик ҳаракатини содир этганлар қонуннинг бутун кучини ўзларида ҳис қилишга тайёр туришлари лозим. Полициячиларимизга нисбатан шафқатсизликка тоқат қилиб туролмаймиз. Коронавирус барчамиз учун хавф бўлиб турибди. Коронавирус тарқалишини тўхтатиш учун уйларингизга боринг", - деб ёзди Пател Twitter саҳифасида.

Мавзуга оид