Жаҳон | 08:46 / 15.06.2020
4599
2 дақиқада ўқилади

Германия чегараларида пандемия сабабли киритилган барча чекловлар бекор қилинди

Германия ҳукумати чегараларда коронавирус сабабли март ўртасидан киритилган барча чекловларни олиб ташлади.

15 июнда Германия ўз чегараларини пандемиягача бўлган тартибда кириш ва чиқиш учун очади. Шунингдек, Европа иттифоқи ва Шенген ҳудудининг 29 та давлати билан авиаалоқа тикланади. Шу билан бирга 31 августгача Европадан ташқарида жойлашган 160 дан кўпроқ давлатга сафарлар амалга оширишга чеклов сақланиб қолади. Бу германияликлар Африка, Осиё ва Америка давлатларида таътилни ўтказа олмасликларини англатади.

Германия ҳукумати чегараларни очар экан, фуқароларни хорижда бўлганларида коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини юз бергудек бўлса, ортга ўз кучлари билан қайтишларига тўғри келишидан огоҳлантирган. Гап шундаки, Германия март ўртасида чекловлар киритганда, хорижда 240 минг германиялик сайёҳ қолиб кетгани маълум бўлган. Улар ҳукумат саъй-ҳаракатлари билан 5 ҳафта давомида ортга қайтарилган. Таъкидланишича, ҳукумат бу мақсадда 100 млн евродан кўпроқ маблағ сарфлаган. Ўшанда Германияга қайтарилган фуқаролар харажатларни қоплаш ҳақида ҳужжатларни имзолашган. Бироқ германияликлар бунинг учун қанча ҳақ тўлашлари ҳозирча белгиланмаган.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳукумат бундай акцияни иккинчи маротаба ўтказа олмаслигидан огоҳлантирган.

Германияда бир неча ҳафтадан бери 3 ой олдин пандемия сабабли киритилган чекловлар секин-аста юмшатилиб борилмоқда. Жумладан, барча федерал ерларда музейлар, фитнес-клублар, очиқ сув ҳавзалари, пляжлар, меҳмонхоналар, ресторанлар, дўконлар, болалар боғчалари ва мактаблар ишламоқда.

Шу билан бирга ижтимоий алоқаларга чекловлар сақланиб қолмоқда: кўпи билан 10 кишигача ва икки хонадон аъзоларининг тўпланишига рухсат берилган. Шунингдек, ниқоб тақиб юриш режими сақланиб қолган: 6 ёшдан катталар дўконларда ва жамоат транспортида оғиз-бурунларини ёпишлари шарт.

Айни вақтда Германияда коронавирусга чалинганлар умумий сони 187 мингдан, соғайиб кетганлар 172 мингдан кўпроқни ташкил қилмоқда. Шу билан бирга, 8,8 мингдан кўпроқ киши коронавирус қурбони бўлган.

Мавзуга оид