Ўзбекистон | 16:45 / 15.06.2020
9842
3 дақиқада ўқилади

«Коронавирусга қарши фойдаланиш учун 30га яқин препарат синовга юборилган» – Отабеков

Коронавирусга қарши фойдаланиш учун ўзбекистонлик олимлар томонидан юборилган 30га яқин препарат Хитойнинг Шанхай шаҳрида синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақида Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди.

«Коронавирусга қарши препаратлар яратишда ўзбек олимлари изланишдан тўхтагани йўқ. 30га яқин препарат Хитойнинг Шанхай шаҳрига синов учун юборилган.

Республика Фанлар академияси Биоорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган гриппга қарши «Рутан» дори воситаси хитойлик олимлар томонидан ўтказилган синовлар натижасида SARS CoV-2 типидаги грипп вирусининг 78,3 фоизга таъсирини сусайтириш хусусиятини намоён қилган», деди Отабеков 15 июнь куни ўтказилган брифингда. 

Брифинг давомида Қозоғистонда коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқарилётган ҳақидаги гапларга изоҳ берилди.

«Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида вакцина ишлаб чиқарадиган биофармацевтика заводи қурилишига тамал тоши қўйилди. Завод халқаро ишлаб чиқариш амалиётига (GMP) мувофиқ иммунобиологик дори-дармонларни, шу жумладан, коронавирус инфекциясига қарши эмловчи воситаларни ишлаб чиқаради.

Ҳозирги вақтда Қозоғистон илмий-тадқиқот институтининг Covid-19’га қарши вакцинаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатига киритилган ва клиник синовлардан ўтмоқда деган баъзи маълумотлар мавжуд, лекин ҳали ишлаб чиқариш бошлангани йўқ», дея таъкидлади Бош инспектор.

Тадбирда коронавирусга лаборатория текширув таҳлиллари чиққунга қадар қайси дорилар билан даволаниш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавоб берилди.

«Қайси касаллик бўлишидан қатъи назар ўзбошимчалик билан даволаниш мумкин эмас. Касалликни лаборатория таҳлиллари натижаси асосида, фақат шифокор тавсиясига қараб даволаниш керак», деди у.

Шунингдек, ҳозирги кунда санаторийлар фаолиятига рухсат этилгани, санаторийга ётишдан олдин коронавирусга текширтириш шартлиги, хусусий ДПМларда ҳам тест топшириш мумкинлиги ҳақида маълум қилинди.

«Ҳа, бўлади. Таҳлилларни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекциясига ПЗР усулида текширишга рухсат этилган хусусий лабораторияларда топшириш мумкин. Бунда нодавлат тиббиёт муассасасига телефон орқали мурожаат этилади, сўнгра улар махсус автотранспортларда бориб, тегишли намуналарни олади ва таҳлилларни ўз лабораторияларида ўтказади. Ташкилот ходимлари ёки фуқаролар таҳлилга намуна топшириш учун бевосита нодавлат тиббиёт муассасасига келишига рухсат этилмайди», дейди у.

Мавзуга оид