Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари иштирокидаги видео бўйича изоҳ берилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари иштирокидаги видео тарқалди. Пойтахт ИИББ ушбу видео бўйича изоҳ берди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Чилонзор тумани ИИО ФМБ ходимлари Юнусобод туманида фуқарони ички ишлар органларига етказиш учун хизмат автомобилига ўтқизишга ҳаракат қилишаётгани туширилган. Фуқаро эса қаршилик кўрсатиб, адвокат таклиф этилишини талаб қилган.
Шу билан бирга, видеонинг матнида бошқа фуқаролар ҳам қайд этилган бўлиб, улардан бири илгари мол сотиб олиш учун ундан пул олган ва молни ҳам, пулни ҳам қайтариб бермаган шахсга нисбатан чора кўришни сўраб ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилган.
ИИББнинг мазкур факт бўйича маълум қилишича, жорий йил 28 май куни Чилонзор тумани ИИО ФМБга келиб тушган аризада, И.М. мол сотиб олишни баҳона қилиб ундан катта миқдорда пул олган, аммо ваъдасида турмасдан, пулни ҳам қайтариб бермаган шахсларга нисбатан чора кўришни сўраган.
Шу муносабат билан келиб тушган ариза бўйича текширув ўтказиш мақсадида Юнусобод туманида яшовчи Д.И.га жорий йилнинг 10 июнь куни Чилонзор тумани ИИО ФМБга 11 июнь куни етиб келиш ҳақида чақириқнома берилди. Чақириқнома бериш вақтида унга чақирув сабаби ҳам тушунтирилган.
“Д.И. Чилонзор тумани ИИО ФМБга чақирувни менсимаганлиги сабабли, Чилонзор тумани ИИО ФМБ 1-сон ички ишлар бўлими ходимлари Д.И.нинг турар жойига бориб, уни ички ишлар органларига етказишга мажбур бўлишган”, - дейилади маълумотда.
Ҳозирги вақтда тўпланган маълумотлар дастлабки тергов органларига қонуний чора кўрилиши учун йўналтирилган.
Қайд этилишича, Д.И.ни қўлга олиш чоралари кўрилмоқда.