Жамият | 23:53 / 15.06.2020
5028
1 дақиқада ўқилади

Йирик миқдордаги тиббиёт буюмлари ва дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ҳудудида тезкор тадбир ўтказди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Тезкор тадбир давомида, пойтахтимиздаги автотураргоҳларнинг бирида фуқаро Ў.А. бошқарувидаги «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, автоуловдаги 2 дона қутида умумий қиймати 242 425 000 сўмлик 2800 дона тиббиёт жарроҳлик буюмлари ва 7150 дона дори воситалари борлиги аниқланди.

Тадбир давом эттирилиб, фуқаро Ў.А. кўрсатмасига асосан, ушбу дори воситаларининг эгаси фуқаро А.Б.нинг яшаш манзили холислар иштирокида кўздан кечирилганида, хонадоннинг кириш қисмидаги йўлакда умумий қиймати 146 975 000 сўмлик, 2566 дона дори воситалари, 500 дона тиббиёт жарроҳлик буюмлари борлиги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида умумий қиймати 389 400 000 сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган тиббиёт буюмлари ва дори воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид