Ўзбекистон | 23:59 / 16.06.2020
61653
3 дақиқада ўқилади

Бугун 4 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди

16 июнь куни Ўзбекистонда 230та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 5493 ҳолат) ва 77 нафар бемор соғайди. Шу вақтгача 4096 беморга жавоб берилган, 19 киши вафот этган, шифохоналарда 1378 нафар бемор даволанмоқда.

Бугун 7 ҳудудда - Тошкент шаҳри, Бухоро, Сирдарё, Самарқанд, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилди. ССВ матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев телеграмдаги каналида беморлар қайд этилиши ва соғайиши бўйича кўрсаткичлар жадвалини келтирди.

Бугунги 230 ҳолатдан 196таси карантин муассасаларида, 20таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 14 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Аҳоли орасида (+20)
Аҳоли орасида энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида қайд этилди - 14 киши.

ССВ маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида сўнгги кунларда Олмазор, Сергели, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Учтепа туманларида аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган. Жумладан, «Чорсу» буюм бозори сотувчисига, «Смарт ҳаус» хусусий қурилиш фирмаси дастурловчисига, «Пойтахт» савдо мажмуаси кийим дўкони сотувчисига, Сергелида қурилаётган кўп қаватли уйларнинг лойиҳа бошқарувчисига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

Тошкент шаҳри сўнгги 2 ҳафтада аҳоли орасида энг кўп касалланиш ҳолати қайд этилган ҳудуд бўлиб қолмоқда - 496 ҳолат, шундан 60дан ортиғининг манбаси маълум эмас. Пойтахтда июнь ойида фақат 3 июнь куни аҳоли орасида бирорта ҳолат қайд этилмаган.

Бухоро вилоятида аҳоли орасида 3 кишида вирус аниқланган, вилоятда жами ҳолатлар сони 500га яқинлашмоқда, айни вақтда 19 бемор даволанишда.

Шунингдек, Самарқанд вилоятида 2, Наманган вилоятида 1 ҳолат аҳоли орасида қайд этилган. Бу ҳудудларда мос равишда 22 ва 21 нафардан бемор даволанмоқда.

Карантин (+196)
Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 60 ҳолат аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган 27 кишида вирус чиққан.

Бугун Қашқадарё вилоятида карантинга олинганлар орасида 104 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда 1 сутка олдин касалланганлар сони 57 нафар эди, энди эса 161 нафарга етди. Шу тариқа Қашқадарёда касалланганлар сони бир сутка ичида қарийб 3 баравар кўпайди.

Шунингдек, Наманган вилоятида 4 нафар, Бухоро вилоятида 1 нафар карантиндаги фуқароларда вирус аниқланган.

Ҳайдовчилар (+14)
Тошкент вилоятида 9 нафар, Сирдаё вилоятида 5 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиларининг барчасига Тошкент вилояти ҳудудида ташхис қўйилган.

Тузалганлар (+77)
Бугун Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида жами 77 беморга жавоб берилди ва Ўзбекистонда шу вақтгача касалликдан соғайиб чиққанлар сони 4096 нафарга етди.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1378 нафар бемордан 13 нафари оғир аҳволда.

Ҳозирда мамлакатимизда уй карантинида 29 378 нафар, стационар карантинда эса 21 365 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди.

Мавзуга оид