Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қаршидаги қарама-қаршилик, Жиззахда 21 йил аввалги воқеа такрорланди. «Насаф» пешқадамга айланган Суперлига 4-тур сарҳисоби
Уч ойлик танаффусдан кейин ниҳоят ўтган ҳафтадан бошлаб Суперлига карвони яна йўлга чиқди. Шанба, якшанба ва душанба кунлари мамлакатимизнинг еттита стадионида миллий чемпионат баҳслари давом эттирилди. Суперлига ўйинлари гарчи мухлисларсиз ўтказилган бўлса-да, кутилган шиддат ва кутилмаган натижаларни тақдим этди. Tribuna.uz 4-тур якунларига биноан ўз анъанасига кўра, тур воқеаларини саралаб, ҳафта рамзий жамоасини тузди.
Тур ўйини: Қаршидаги қарама-қаршилик
Ҳеч шубҳасиз, турнинг марказий ўйини Қаршидаги «Марказий» стадионда ўтказилди. Молиявий жиҳатдан тобора тенглашаётган «Насаф» ва «Навбаҳор» жамоалари ўйинида ҳам тенглик кузатилди. Рўзиқул Бердиев ва Андрей Канчельскис бошқарувидаги клублар ўртасидаги тўқнашувнинг дастлабки 9 дақиқасидаёқ меҳмонлар гол уришга, бош ҳакам Шерзод Қосимов икки томон дарвозасига 11 метрлик жарима тўпи белгилашга, Эшмуродов ва Турғунбоев эса бу вазиятлардан фойдалана олмай, дарвозабонларнинг қаҳрамонлик кўрсатишига сабабчи бўлишди. Бобир Абдухолиқов 2-бўлимда мувозанатни тиклаган бўлса, захирадан майдонга тушган Забиҳилло Ўринбоев меҳмонларни яна олдинга олиб чиқди. Охирги сўзни Марко Станоевич «айтиб», ўз голи билан томонларнинг дурангга имзо чекишларига сабаб бўлди. Икки томон ҳам ниятига етди - «Насаф» 10 очко билан пешқадамга айланди, «Навбаҳор» кетма-кет учинчи йил Қаршидан очко билан қайтди.
Тур воқеаси: Карантиндаги футбол
Аввалдан белгиланганидек Суперлига 4-тур учрашувлари ПФЛ томонидан жорий қилинган қатъий эҳтиёт чора ва талаблари асосида ўтказилди. Ўйинлар олдидан стадиондан тортиб тўпларгача дезинфекция қилинган бўлса, ўйин олдидан футболчиларнинг саломлашиши, мураббийларнинг ёнма-ён ўтириши, голни биргаликда нишонламаслик ва яна бир қатор тақиқларга амал қилинди. Шунингдек, футболчилар ўйин олдидан жамоавий эмас, тарқоқ ҳолда суратга тушишди.

Тур сенсацияси: Чемпион 13-ўриндаги жамоага мағлуб бўлди
Турнинг яна бир эътиборли ўйинларидан бири Жиззахда кузатилди. Амалдаги чемпион, турнир жадвали пешқадами «Пахтакор» бу тургача 13-ўринда бораётган «Сўғдиёна»га мағлуб бўлди. Улуғбек Бақоев шогирдлари майдоннинг ҳар бир қарич ери учун курашиб, якунда Шота Арвеладзе жамоасини илк мағлубиятни тан олишга мажбур қилишди. Дастлаб Жасур Ҳасановга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Шоҳруз Норхонов фойдалана олмаган бўлса, кўп ўтмай яна Ҳасановнинг узатмасидан кейин у бу сафар Санжар Қувватовни доғда қолдира олди. Ўйин якунига қадар меҳмонлардан Жалолиддин Машариповга нисбатан ишлатилган қўполлик учун бош ҳакам Темур Тўхтасинов пенальти белгиламасликни лозим топди. Якунда Жиззах клуби мавсумдаги илк ғалабасини тантана қилди. Эътиборлиси, «Сўғдиёна» 21 йил ўтиб «Пахтакор»ни Жиззахда мағлуб эта олди.
Тур қаҳрамони: Дониёр Нарзуллаев «Локо»ни «рельси»дан чиқариб юборди
Тур сенсациясига яна бир даъвогар ўйин Тошкентда «Локомотив» ва «Металлург» ўртасида кечди. Тур доирасидаги сўнгги баҳс ҳеч ким кутмаган натижа билан якунланди. «Металлург» сафарда «Локо» устидан йирик – 3:0 ҳисобида зафар қучди. Шу куни меҳмонлар таркибида яримҳимоячи Дониёр Нарзуллаевни тўхтатиб бўлмади. Ўтган йил Рўзиқул Бердиевга куёв бўлиб, кутилмаганда «Насаф»ни тарк этган Нарзуллаев «Металлург»нинг учта голига ҳам ассистентлик қилди. Ушбу ғалаба билан Бекобод жамоаси ўз тарихида илк марта «Локомотив»ни Тошкентда таслим эта олди.
Тур фактлари:
- «Сўғдиёна» 21 йил ўтиб «Пахтакор»ни мағлуб этди. Жиззах жамоаси сўнгги марта бу клубни 1999 йилда Жиззахда таслим қила олганди.
- ОКМК клуби 11 йил ўтиб, «Қизилқум»ни Навоийда мағлуб этиб қайтди. Бунгача Олмалиқ жамоаси сўнгги марта 2009 йилда Навоийдан ғалаба билан қайтган.
- «Навбаҳор» сўнгги уч мавсумдан буён Қаршида мағлуб бўлмади: икки дуранг ва бир ғалаба.
- «Металлург» ўз тарихида илк бор «Локомотив»ни пойтахтда мағлуб этди.
Тур эътирофи: Расул Йўлдошев
Вадим Абрамов қўл остидаги «Бунёдкор» «Қўқон-1912» жамоаси устидан қийин ғалабага эришди. Дилшод Аҳмадалиевнинг узатмасини қайтармоқчи бўлган Бобур Акбаров ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Ушбу баҳсда «қалдирғочлар» сафида 19 ёшли Расул Йўлдошев илк марта 90 дақиқа тўп сурди. Яримҳимоячи Абрамовнинг ишончига яраша ўйин намойиш этиб, майдон марказидаги устунликни таъминлай олди. Ёш иқтидорнинг ўйини эътирофга лойиқ.
Турнинг энг чиройли голи: Шаҳзоддан суперзарба
Ҳафтанинг энг чиройли голи «Локомотив» - «Металлург» (0:3) учрашувида киритилди. Бекобод жамоасининг ўйиндаги иккинчи голи Шаҳзод Убайдуллаев номига ёзилди. 66-дақиқада Дониёр Нарзуллаев томонидан ўнг қанотдан узатилган тўпни «Металлург»нинг 22 ёшли ҳужумчиси акробатик усулда Игнатий Нестеров дарвозасига жойлаб қўйди. Нафақат тур балки мавсумнинг безагига айланган мукаммал ижро бўлди.
Тур иқтибослари: «Барчангиздан минг бор узр сўрайман»
«Пахтакор» бош мураббийи Шота Арвеладзе Жиззахдаги мағлубиятдан кейин: «Чемпионатнинг тўхтаб қолгани ёмон бўлди. Жуда секин ўйнадик, суръатни оширмадик. Уч вазиятда пенальти тепишимиз мумкин эди»
«Локомотив» бош мураббийи Андрей Фёдоров 0:3 ҳисобли мағлубиятдан кейин: «Ҳисоб 0:0 бўлиб турган пайтда биз гол уриб олишимиз керак эди»
«Бухоро» мураббийи Мирислом Ҳасанов «Андижон» билан 2:2дан кейин: «Уч ойдан кейин биринчи бор футбол ўйнадик. Икки марта ҳам йўқ жойдан дарвозамизга ўзимиз пенальти олиб келдик»
«Навбаҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис «Насаф» билан 2:2дан кейин: «Пенальтини Азиз Турғунбоев эмас, доимгидек Азим Аҳмедов тепиши керак эди. Аммо у зарба беришни истади ва адашди. Аҳмедов эса гол урган бўларди ва ҳисоб 2:0га айланарди. Азизнинг нега бундай қилганлигини албатта сўрайман»
«Қўқон-1912» жамоаси ҳимоячиси Бобур Акбаров автоголдан кейин: «Барчангиздан минг бор узр сўрайман. Жамоамиз бугунги ўйинда ютишини ва 3 очкони қўлга киритишимизни жуда ҳам хоҳлагандим».

Тур рамзий жамоаси:
Суперлига 4-тури якунларига кўра, қуйидаги футболчилар Tribuna.uz талқинига биноан тур рамзий жамоасидан ўрин олишди.
Дарвозабон: Александр Лобанов (Металлург)
Ҳимоячилар: Дилшод Аҳмадалиев (Бунёдкор), Сардор Қулматов (Сўғдиёна), Мирзоҳид Ғофуров (Навбаҳор)
Яримҳимоячилар: Марко Станоевич (Насаф), Жамшид Ҳасанов (Андижон), Дониёр Нарзуллаев (Металлург), Элгужа Григалашвили (ОКМК), Жасур Ҳасанов (Сўғдиёна)
Ҳужумчи: Шоҳруз Норхонов (Сўғдиёна), Шаҳзод Убайдуллаев (Металлург)
Рамзий жамоа:

Суперлига 4-туридан кейинги турнир жадвали:

Мавзуга оид
21:07 / 13.05.2026
Суперлиганинг энг қиммат футболчилари рейтинги тузилди
08:38 / 05.05.2026
Суперлигада жаҳон чемпионати якунига қадар танаффус эълон қилинди
22:14 / 29.04.2026
Суперлига. «Пахтакор» очко йўқотди, «Нефтчи» яна пешқадам бўлиб олди
17:43 / 25.04.2026