Жаҳон | 08:44 / 16.06.2020
9653
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея қуролсизлаштирилган ҳудудга қўшинларни қайтариш билан Сеулга таҳдид қилди

Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегарадаги қуролсизлаштирилган ҳудудга қўшинларни қайтармоқчилигини маълум қилди. Бу фронт чизиғини мустаҳкамлаш учун қилинади. Қўшинлар ушбу ҳудуддан кореяаро келишувларга кўра олиб чиқилганди. 

Фото: AP Photo / Wong Maye-E

Шимолий Корея халқ армияси бош штаби Жанубий Корея билан муносабатлар ёмонлашаётгани билан боғлиқ вазият ортидан синчков кузатаётганини маълум қилган. Штабда армия партия ва ҳукуматнинг ҳар қандай қарорини ҳарбий воситалар билан қўллаб-қувватлашга тайёрлиги таъкидлаб ўтилган.

“Армиямиз Шимол ва Жануб ўртасидаги муносабатлар тобора ёмонлашиб бораётган жорий вазият ортидан синчков кузатмоқда ҳамда ҳукумат ва партия томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай чоранинг ишончли ҳарбий кафолатини таъминлашга тўлиқ тайёрланмоқда”, деб айтилган штабда.

Аввалроқ Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжон Шимолий Корея Жанубга қарши “кейинги ҳаракатларни” амалга оширмоқчилигини маълум қилганди. Бундан аввал эса Шимол Жануб билан алоқа линиясини блоклаб қўйганди. Таъкидланишича, алоқа линиясининг блокланиши Сеул билан барча алоқа воситалари тўлиқ узилишидаги илк қадамдир. Бундан аввал Пхеньян агар Сеул шимолий кореялик қочоқларга “Шимолга Ким Чен Инни ва мавжуд тузумни танқид қилувчи ташвиқот варақалари ва бошқа материаллар жўнатишига” тўсқинлик қилмаса, Кореяаро алоқа бўлими ва бошқа қўшма лойиҳаларни ёпишидан огоҳлантирган.

Ким Ё Чжоннинг таъкидлашича, варақалар ташланиши икки давлат ўртасидаги тинчлик сулҳларини бузувчи душманона ҳаракатдир.

Ўз навбатида, Жанубий Корея миллий хавфсизлик кенгаши 14 июнда Шимолнинг Сеулга куч қўллаши таҳдидлари юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказган.

Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги қуролсизлаштирилган ҳудуд 1953 йилда Корея уруши якунлангандан кейин пайдо бўлган. Унинг ташкил этилиши ҳақидаги келишув икки давлат ўртасидаги Пханмунжом аҳоли пунктида имзоланган. Ушбу ҳудуд Корея яриморолини икки қисмга – Шимолий ва Жанубий Кореяга ажратади.

Мавзуга оид