Ўзбекистон | 16:00 / 17.06.2020
5237
2 дақиқада ўқилади

«Меҳнат инспекторлари тескари ишлаяпти» – Танзила Норбоева мажбурий меҳнат ҳолатлари ҳақида гапирди

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда кузатилаётган мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича маълумот берди.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдаги мажлисида қайд этилишича, 2019 йилда пахта йиғим-терими даврида ўтказилган мониторингда Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хизматчилари ва ҳарбий таълим курсантларининг мажбурий тарзда теримга жалб этилгани маълум бўлган. Касаба уюшмалари федерацияси ўтказган миллий мониторингда 3895 нафар шахс пахта теримига мажбурий тарзда жалб қилингани аниқланган – шулардан 700 нафарини ҳарбийлар ташкил қилмоқда.

«Шунингдек, маҳаллий ижро ҳокимият органлари томонидан одамларни ободонлаштириш ишларига мажбурий тарзда жалб қилиш ҳоллари учрамоқда. 2019 йилда мажбурий меҳнат бўйича 259та ҳолат қайд этилган бўлса, уларнинг 112таси, яъни 43 фоизи ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилиш билан боғлиқ. Энг кўп ҳолатлар Самарқанд (16та), Қашқадарё (12та), Бухоро (10та) вилоятларида қайд этилган.

Жорий йилнинг ўтган 5 ойида ҳам ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилиш бўйича 28та ҳолат аниқланган бўлиб, уларнинг аксарияти Тошкент, Самарқанд вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида кузатилмоқда.

Бу каби ҳолатлар ҳақида хабарлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кўп чиқади. Меҳнат инспекторлари ижтимоий тармоқлар бонг ургандан кейингина хабар топиб, тегишли ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Улар тескари ишлаяпти. Меҳнат инспекторлари авваламбор бундай ҳолларга йўл қўймаслиги, бўлгандан кейин ҳам ижтимоий тармоқлар беран хабарларнинг орқасидан қувмасдан, олдиндан ўзлари топишлари керак», дея Танзила Норбоеванинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид