Жаҳон | 20:07 / 17.06.2020
7851
2 дақиқада ўқилади

Россияда 16 йилга қамалган америкалик Пол Уилан россиялик Бут ва Ярошенкога алмаштирилиши мумкин

АҚШ, Канада, Ирландия ва Британия фуқаролигига эга Пол Уилан 2018 йил 28 декабрь куни Москвада ФХХ ходимлари томонидан ушланганди. ФХХ Жамоатчилик билан алоқалар марказининг билдиришича, “Уилан жосуслик кампанияси пайтида” қўлга олинган. 

Россияда жосусликда айбланиб 16 йилга қамалган АҚШ фуқароси Пол Уилан АҚШда ҳибсда бўлган россияликлар Виктор Бут ва Константин Ярошенкога алмаштирилиши мумкин.

"Россиялик ватандошларни ватанга қайтаришга қаратилган ҳар қандай алмаштириш, ҳар қандай ҳаракатни инсонпарварлик ва ғамхўрлик ҳаракати деб ҳисоблаб келганман ва ҳисоблайман", - деди Россия инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова Уиланни Бут ва Ярошенкога алмаштириш имконияти ҳақидаги саволга жавобан.

Аввалроқ Уиланнинг адвокати Владимир Жеребенков алмаштириш эҳтимоли ҳақида гапириб ўтганди.

АҚШ, Канада, Ирландия ва Британия фуқаролигига эга Пол Уилан 2018 йил 28 декабрь куни Москвада ФХХ ходимлари томонидан ушланганди. ФХХ Жамоатчилик билан алоқалар марказининг билдиришича, “Уилан жосуслик кампанияси пайтида” қўлга олинган. 

Пол Уилан ўзини айбдор деб ҳисобламайди.

Расмий маълумотларга кўра, Уилан Американинг Borg Warner компаниясида хавфсизлик хизмати бошлиғи бўлган. 2004 ва 2006 йилларда АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий кампанияларида қатнашган. 

Россиялик учувчи Константин Ярошенко 2010 йилда Америка махсус хизмати томонидан Либерияда қўлга олинган. АҚШда у гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб 20 йилга қамалган. Ярошенко бу айбловни инкор этган.

Россиялик тадбиркор Виктор Бут АҚШда 2012 йилда ноқонуний қурол савдоси ва терроризмни қўллаб-қувватлашда айбланиб 25 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бут ҳам бу айбловларни тан олмаган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид