Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2020 йилда аниқланган қонун бузилишларининг аксарияти кадастр ходимлари ҳиссасига тўғри келади – ДХА
2020 йилда аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида салкам 40 мингта қонун бузилиши аниқланган. Шундан аксарияти, яъни 12 мингга яқини кадастр ходимлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳақда Kun.uz’га агентлик бошқарма бошлиғи Улуғбек Маҳмудов маълум қилди.
«2020 йилнинг январь-май ойларида 40 мингга қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган. Шундан 32 мингга яқин муддат бузиш, 2,5 мингдан ортиқ тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатиш, 400 дан ортиқ ортиқча ҳужжат талаб қилиш, 5 мингдан ортиқ бошқа турдаги қонун бузилишларини ташкил этади.
Қонун бузилишларининг аксарияти кадастр (12 мингга яқин), газ таъминоти (6 мингдан ортиқ), ичимлик ва иссиқ сув таъминоти (5,5 мингга яқин), электр таъминоти (2 мингдан ортиқ), соғлиқни сақлаш (2 мингдан ортиқ), ҳокимликлар (1,5 мингга яқин), солиқ идоралари (1 мингдан ортиқ), қурилиш идоралари (600 га яқин) ҳиссасига тўғри келади.
Аниқланган қонун бузилишлари юзасидан ваколатли идораларга 331 та тақдимнома, 1 215 та огоҳнома киритилган, 1 172 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 1172 нафар шахс маъмурий, 200 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 9 нафари эса вазифасидан озод этилган», дея Севара Зокированинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Қайд этилишича, ваколатли идораларнинг масъул ходимлари давлат хизматлари кўрсатишда ахборот тизимлари билан ишлаш бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга эмаслиги, масъул ходимларга давлат хизмати кўрсатиш қўшимча вазифа сифатида юклатилганлиги, ходимларнинг қўнимсизлиги, ахборот тизимининг мавжуд эмаслиги ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнида ахборот алмашинуви электрон шаклда йўлга қўйилмаганлиги давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилишига сабаб бўлмоқда.
«Давлат идоралари томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тўғридан-тўғри кўрсатилаётган давлат хизматлари ҳам назорат қилиб борилмоқда. Хусусан, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ер қаъри участкасидан геологик ўрганиш учун фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензиялар белгиланган муддатларда берилмаганлиги учун қўмитанинг масъул ходими Э.Фозилов маъмурий жавобгарликка тортилди.
Ўзбекистон президентининг 2019 йил 25 февралдаги қарорида Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасига давлат хизматлари сифатини яхшилаш, аҳолининг давлат органлари фаолиятидан қониқиши даражасини ҳамда уларнинг ходимлари касбий маҳоратини ошириш учун “давлат хизматларининг сирли мижози” институтини жорий этиш вазифаси юклатилган.
Шунга кўра, адлия вазирининг 2020 йил 19 мартдаги буйруғи билан “Давлат хизматларининг сирли мижози” институти фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ваколатли идоралар томонидан кўрсатилаётган давлат хизматларининг сифатини баҳолаш учун “сирли мижоз” тадбирлари ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритиб борилмоқда.
Давлат хизматлари кўрсатиш жараёни устидан назоратни кучайтириш мақсадида, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилган аризаларни кўриб чиқишда ваколатли органлар томонидан қонун бузилиши ҳолатига йўл қўйилган тақдирда фуқаролар мустақил равишда Агентликка хабар бериш имконияти яратилди», дейди Севара Зокирова.
Эслатиб ўтамиз, ДХА ташкил этилгандан буён аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида 300 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолати аниқланган бўлиб, уларнинг 83 мингдан ортиғи кадастр идоралари, 33 мингдан ортиғи маҳаллий ҳокимликлар, 31 мингдан ортиғи қурилиш идоралари, 19 мингдан ортиғи электр тармоқлари идоралари, 15 мингдан ортиғи газ таъминоти корхоналари, 10 мингдан ортиғи солиқ идоралари, 5 мингдан ортиғи сув таъминоти идоралар), 4 мингдан ортиғи ички ишлар идоралари, 2 мингдан ортиғи эса соғлиқни сақлаш идораларининг (2 мингдан ортиқ) ҳиссасига тўғри келади.
Мавзуга оид
11:56 / 06.06.2026
Қурилишга рухсат олишда бир нечта давлат хизматлари бирлаштирилади
19:31 / 04.06.2026
2018 йилдан кейин қурилган ноқонуний уйларнинг тақдири нима бўлади?
15:51 / 12.05.2026
800 га яқин давлат хизматида бюрократия нолга туширилиши айтилди
21:11 / 04.05.2026