Жаҳон | 21:32 / 18.06.2020
22946
2 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Саудия Арабистонида вазият оғирлашмоқда. Кунлик ўсиш бўйича янги рекорд қайд этилди

Ҳаж мавсуми бошланишига 40 кун қолаётган вақтда, Саудия Арабистонида эпидемиологик вазият оғирлашмоқда: сўнгги 2 ҳафта ичида подшоҳликда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 93 мингдан 145 мингга ортиб кетди.

Фото: Reuters

Саудия Арабистонида вирус тарқалишининг иккинчи тўлқини кузатилмоқда.

Подшоҳликда коронавирусга чалинган илк бемор 2 март куни аниқланган, шундан сўнг қатъий чекловлар киритилиб, қатор шаҳарларда комендантлик соати жорий этилган эди.

Май ойига келиб, кунлик янги ҳолатлар сони икки баробарга камайгач (кунига ўртача 1500 кишига COVID-19 ташхиси қўйилаётганди), ҳукумат карантин чекловларини юмшатишга қарор қилди: комендантлик соати қисқартирилди, ички авиақатновлар тикланди, қатор тадбиркорлик субъектлари фаолиятига рухсат берилди.

Аммо 1 июндан бошлаб, кунлик янги ҳолатлар сони икки баробарга кўпая бошлади. Биргина кеча, 17 июнь куни Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4919 кишида вирус қайд этилганини маълум қилди — бу ўтган давр мобайнидаги энг юқори кунлик ўсиш кўрсаткичи бўлди.

Жами ҳолатлар 146 мингга яқинлашиб, қурбонлар сони 1139 нафарни ташкил этмоқда. 94 мингга яқин киши касалликдан соғайиб чиқди.

3 июндан кейинги даврда кунлик ўлим кўрсаткичлари деярли ўзгармай келмоқда: ҳар куни 30-40 нафар атрофида бемор коронавирусдан вафот этяпти.

Шу билан бирга, вирусга қарши курашдаги самарадорлик пасаймоқда: май ойида кундалик 2000-3000 киши касалликдан фориғ бўлган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 1600-1700 нафарга тушиб қолди.

Ҳукумат ҳар бир бемор учун кунига 3000 саудия риали (800 доллар) сарфламоқда. Даволаниш муддати 20 кундан 40 кунгача давом этмоқда. 

Шундай шароитда подшоҳлик ҳамон Ҳаж мавсуми бўйича расмий қарорини эълон қилганича йўқ. Бу йилги мавсум 28 июль – 2 август оралиғига тўғри келиши тахмин қилинган.

Аввалроқ камида 6та давлат бу йил фуқароларини Ҳажга юбормасликка қарор қилгани маълум қилинган эди. Булар – Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Камбоджа ва Бруней давлатларидир.

Маълумот учун, Ўзбекистон Саудия Арабистонидан амалга оширилиши мумкин бўлган авиарейсларни «қизил рейслар» тоифасига киритган.

Мавзуга оид