Ўзбекистон | 09:06 / 18.06.2020
9762
8 дақиқада ўқилади

Марказий банкнинг эсдалик пул белгиларини сотиш тартиби эълон қилинди

Марказий банкнинг эсдалик пул белгиларини тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг эсдалик пул белгиларини тайёрлаш, сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, эсдалик пул белгилари муомаладаги банкнотлар ва тангалар каби Ўзбекистон Республикаси ҳудудида номинал қийматга эга нақд пул шаклидаги қонуний тўлов воситаси ҳамда номинал қийматидан юқори баҳоланувчи нумизматика, коллекциялаш, инвестиция ва жамғариш объектлари сифатида муомалада бўлиши мумкин.

Эсдалик пул белгиларини сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш нархлари оммавий ахборот воситаларида ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Марказий банкнинг расмий веб-сайтида муомалага чиқариладиган эсдалик пул белгилари нархи, уларни сотадиган ва қайтариб харид қилиб оладиган Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари ва тижорат банк филиаллари (шохобча) тўғрисидаги маълумотлар эълон қилиниб борилади.

Шунингдек, Марказий банк қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик пул белгиларини сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш нархларини шакллантиришда қўлланиладиган қимматбаҳо металл нархини ҳар ҳафтада камида бир марта, миллий валютада белгилайди ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Эсдалик пул белгиларини тайёрлаш

Эсдалик пул белгиларининг намуналари, шунингдек уларнинг дизайни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан тасдиқланади.

Марказий банк томонидан банкнот ва тангалар кўринишидаги, турли хил хом ашёлардан, жумладан, қимматбаҳо ва бошқа металлардан тайёрланган, аҳамиятга молик турли мавзуларга бағишланган, чекланган миқдорда эсдалик пул белгилари муомалага чиқарилади.

Муомалага чиқариладиган эсдалик пул белгиларини тайёрлашда инсон саломатлиги учун хавфсиз бўлган хомашёлардан фойдаланилади.

Эсдалик пул белгилари дизайнида қуйидаги элементлар акс эттирилиши мумкин:

муқаддас қадамжолар ва тарихий обидалар, замонавий меъморчилик объектлари тасвирлари;

буюк сиймолар ижоди ва фаолиятига бағишланган тасвирлар, портретлари ва ҳайкаллари суръатлари;

миллий анъаналар ва қадриятларга доир тасвирлар;

замонавий даврнинг муҳим воқеаларини, жаҳон тарихи, умумжаҳон маданияти ва қадриятларини ифода этувчи тасвирлар.

Эсдалик пул белгиларининг мавзуси, тиражи, номинали, техник хусусиятлари, хом ашёси, металли ва қотишмалари тури, уларнинг асиллик даражаси, зарб этиш сифати, муомалага чиқариш санаси Марказий банк бошқаруви томонидан белгиланади.

Эсдалик пул белгиларини сотиш

Эсдалик пул белгилари шохобчалар томонидан бевосита юридик ва жисмоний шахсларга сотилади.

Эсдалик пул белгиларини сотиш ва уларни етказиб бериш ишлари буюртмачилар билан тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

Эсдалик пул белгиларини сотиш жисмоний шахсларга нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида, юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилади.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланмаган, муомаладаги (циркуляцион) пул белгилари билан бир қаторда нақд пулдаги ҳисоб-китобларда ўз номинал қиймати бўйича қабул қилинадиган эсдалик пул белгилари ойлик иш ҳақи, пенсия, нафақа, омонат ва бошқа тўловлар орқали муомалага чиқарилади.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини сотиш нархи Марказий банк томонидан ҳар ҳафтада камида бир марта қимматбаҳо металл нархи ва Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган маржага асосан белгиланади.

Норезидентлар томонидан республика ҳудудига ташриф буюрмасдан эсдалик пул белгиларини сотиб олиш онлайн тарзда (тегишли банкнинг расмий веб-сайти орқали мурожаат қилиш йўли билан) амалга оширилади.

Бунда, эсдалик пул белгиларини сотиш нархи тўлов амалга ошириладиган кундаги Марказий банк томонидан етказиб бериш (почта) харажатларини ҳисобга олган ҳолда, хорижий валютанинг сўмга нисбатан курсига мувофиқ хорижий валюта эквивалентида кўрсатилади.

Шохобчаларнинг тегишли ҳисобварағига норезидентлар томонидан амалга оширилган тўлов маблағлари келиб тушгандан сўнг, эсдалик пул белгилари почта орқали юборилади.

Эсдалик пул белгиларини қайтариб харид қилиб олиш

Қимматбаҳо металлардан тайёрланмаган, муомаладаги (циркуляцион) пул белгилари билан бир қаторда нақд пулдаги ҳисоб-китобларда ўз номинал қиймати бўйича қабул қилинадиган эсдалик пул белгилари шохобчалар орқали номинал қиймати бўйича қабул қилинади ва муомаладаги пул белгиларига айирбошлаб берилади.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини қайтариб харид қилиб олиш нархи топширилган кундаги қимматбаҳо металл нархи ва ушбу нархга қўлланиладиган Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган чегирмага асосан Марказий банк томонидан белгиланади.

Шохобчалар томонидан қайтариб харид қилиб олинган қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангалари уларнинг асиллик даражасини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси томонидан техник экспертиза (қимматбаҳо металларнинг миқдорий хусусиятларини аниқлашда, яхлитлигини бузиш орқали, яъни ундан қирқиш, пармалаш йўли билан намуна олиб ёки олмасдан тадқиқот қилиш)дан ўтказилади.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини асиллик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган техник экспертиза учун тўлов Марказий банк ва Асиллик палатаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади ҳамда эсдалик тангалари эгаларидан ундирилмайди.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини қайтариб харид қилиб олишда жисмоний шахс ёки юридик шахс вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжати асосида қайтариб харид қилиб олиш тўғрисида далолатнома расмийлаштирилади.

Далолатнома уч нусхада тузилади, биринчи нусхаси шохобчага, иккинчи нусхаси эсдалик танга эгасига, учинчи нусхаси эсдалик танга билан бирга Асиллик палатаси томонидан техник экспертизадан ўтказиб бериш учун, Марказий банкнинг ваколатли вакилига берилади.

Далолатнома расмийлаштирилгандан сўнг етти иш кунидан кечиктирмасдан қимматбаҳо металлардан ясалган эсдалик тангалар ваколатли вакил томонидан Асиллик палатасига техник экспертизадан ўтказиб бериш учун тақдим қилиниши лозим.

Асиллик палатаси далолатнома ва тангани қабул қилиб олганидан сўнг, етти иш кунидан кечиктирмасдан (тангалар экспертизага катта миқдорда топширилган тақдирда, ижро муддати томонлар келишуви билан узайтирилиши мумкин) ваколатли вакилга электрон почта ёки факс орқали техник экспертиза амаллари якунланганлиги ҳақидаги хабарни етказади.

Марказий банк Асиллик палатасининг техник экспертиза ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатномасини олганидан сўнг, қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик тангаларини қайтариб харид қилиб олган шохобча орқали унинг эгаси билан ҳисоб-китобларни етти иш кунидан ошмаган муддатда амалга оширади.

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик пул белгиларининг асиллик сертификати

Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик пул белгилари уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификати билан бирга муомалага чиқарилади.

Асиллик сертификати йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда янгисига алмаштириб берилмайди ҳамда ушбу сертификатга тегишли бўлган эсдалик пул белгилари мазкур Низомга мувофиқ шохобчалар томонидан қайта харид қилиб олинади.

Мавзуга оид