Сув тошқини натижасида талафот кўрган ирригация тармоқларида таъмирлаш ишлари якунланди – ФВВ
ФВВ ахборот хизмати ходими Самандар Ҳикматуллаевнинг айтишича, Сардоба сув омборидаги тошқиндан талафот кўрган ирригация тармоқларида таъмирлаш ишлари якунланган. У бу ҳақда 18 июнь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.
«Сардоба сув омбори Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг 7 туманидаги қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга хизмат қилади. Фавқулодда вазият натижасида сув омборидан сув оладиган «Марказий тармоқ» каналининг 8,5 км, «Ўнг тармоқ» каналининг 4,5 км, «Чап тармоқ» каналининг 3 км узунликдаги ҳудудига жиддий зарар етган эди. Бугунги кунда талафот кўрган ирригация тармоқларида таъмирлаш ишлари якунланди. Куни кеча мазкур туманларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга старт берилди.
Сув тошқини муносабати билан аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни қабул қилиш, уларга зарур тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида ташкил этилган «1205» қисқа рақами туну кун ишламоқда. Бугунга қадар мазкур қисқа рақамга 8 142 мурожаат келиб тушган. Шундан 8 027 таси (99 фоизи) ижобий ҳал этилди ҳамда қолган 115 та мурожаат тегишлилигига кўра ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинган», дея Самандар Ҳикматуллаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг қўшимча қилишича, Сирдарё вилоятидаги тошқин оқибатларини бартараф этиш, ҳудудларда таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга оширишга республикадаги барча вазирлик, идораларнинг куч ва воситалари жалб этилган.
ФВВ томонидан газ, электр, санитар-эпидемиологик осойишталик маркази ва ўзини-ўзи бошқариш органлари масъул ходимлари билан ўзаро ҳамкорликда Сирдарё вилоятининг Оқолтин, Мирзаобод туманларида ҳамда Жиззах вилоятида 15 016 та аҳоли яшаш хонадони ҳавфсизлик нуқтаи назаридан ўрганиб чиқилган. Тадбир давомида аниқланган 8 355 та камчиликдан 5 875 таси жойида бартараф этилган.
«Тошқиндан зарар кўрган ҳудудларда зарур чораларни кўриш, хусусан, таъмирлаш-тиклаш тадбирларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, жойларда аҳоли билан тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларига жалб этилган буюртмачи, қурилиш-пудратчи ташкилотлар раҳбарлари ва масъул вакилларини жалб қилган ҳолда, таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилаётган ҳамда янгитдан қурилаётган 547 уй-жой ўрганиб чиқилиб, 1 571 тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, янги қурилаётган кўп қаватли ҳамда қайта таъмирланаётган аҳоли яшаш уйларида ёнғинга қарши тадбирларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида тўлиқ бажарилишини таъминлаш учун лойиҳалаш ва дахлдор ташкилотлар раҳбарларига 12 та ахборот хати киритилди», дейди Самандар Ҳикматуллаев.
Мавзуга оид
15:57 / 07.11.2024
Ис гази қандай қилиб инсонлар ўлимига сабаб бўлади? ФВВ масъули изоҳ берди
20:33 / 14.10.2024
Ўзбекистон ФВВ кунлар совиши туфайли огоҳлантириш билан чиқди
10:55 / 22.09.2024
Катта Чимён тоғида адашиб қолган тўрт киши қутқарилди
17:03 / 11.09.2024