Ўзбекистон | 01:17 / 19.06.2020
19519
3 дақиқада ўқилади

«Бюрога юклатилган вазифалар амалда бажарилди». МИБ ўзининг қатор ваколатлари бошқа ташкилотларга ўтказилаётганига муносабат билдирди

Мажбурий ижро бюроси 1 августдан бюронинг қатор ваколатлари бошқа ташкилотларга ўтказилаётгани юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси

“Бюро органлари ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 94,3 трлн сўм ундирилди (шундан электр энергияси – 45,8 трлн, табиий газ – 46,1 трлн, ичимлик суви – 1,9 трлн, маиший чиқинди – 0,4 трлн). Ўтган давр ичида энергия ресурслари ва сув таъминотидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда талон-торож қилиниши билан боғлиқ 1,2 трлн сўмлик зарар аниқланиб, 1046 та жиноят иши қўзғатилган.

Мажбурий ижро бюросига юклатилган вазифалар амалда бажарилди ва уни эндиликда мамлакатимизда ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш борасида давлат сиёсатини амалга ошириб келаётган Энергетика вазирлиги зиммасига ўтказиш вақти келган эди», дейди МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов.

Унинг қайд этишича, бюро органлари томонидан тўлов интизомини мустаҳкамлаш йўлида қилинган ишлар натижасида фуқароларда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, тўлов интизомига риоя қилиш маданияти шакллана бошлаган.

«Эндиликда, ушбу вазифалар Энергетика вазирлиги томонидан тизимли равишда олиб борилади деб ҳисоблаймиз. Чунки кейинги йилларда ушбу вазирликда бир қатор ижобий ўзгаришлар бўлди.  

Энергетика соҳасини ислоҳ қилиш мақсадида «Ўзбекэнерго» АЖда тубдан қайта қуриш амалга оширилди. «Ўзбекэнерго» АЖ негизида учта: «Иссиқлик электр станциялари«, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Электр энергиясини ишлаб чиқариш, ташиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий усулларига ўтилди.

Шу ўринда аҳоли яхши билиши лозимки, Мажбурий ижро бюроси зиммасидаги электр ва газ учун тўловларни ўз вақтида ҳамда ундириб олиш бўйича вазифалар – Энергетика вазирлигига жорий йилнинг 1 август кунидан ўтказилади. Бунгача бўлган даврда Мажбурий ижро бюроси бу йўналишда ўз ишини давом эттиради», дейди Фаррух Тошпўлатов.

Аввалроқ, президент фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 августдан Мажбурий ижро бюросининг қатор ваколатлари тегишли ташкилотларга ўтказилиши тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид