Жамият | 21:28 / 19.06.2020
8460
4 дақиқада ўқилади

«Cпорт секциялари фаолиятига рухсат берилгани ҳамма ўзи истаганидек шуғулланиши мумкин дегани эмас» – Отабек Эшмаматов

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Отабек Эшмаматовнинг айтишича, «яшил» ҳудудларда спорт секциялари фаолиятига рухсат берилгани ҳамма ўзи истаганидек шуғулланиши мумкин дегани эмас, бунинг учун айрим мажбуриятларни бажариш талаб этилади. Акс ҳолда машғулот ўтказиш тақиқланади.

Фото: International wealth

«Республика махсус комиссиясининг 29 майдаги қарорига асосан, 1 июндан «яшил» ҳудудларда спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар фаолиятига ҳам рухсат берилди. Бироқ бу барча спорт иншоотлари эндиликда бемалол эшигини очиб, фаолиятини давом эттириши мумкин, деганимас.

Жумладан, сунъий қопламали футбол майдонларида спорт машғулотларини олиб бориш учун аввало ҳудуддаги санитария-эпидемиология осойишталик маркази, маҳаллий ҳокимият ҳамда ички ишлар бўлими билан келишиши, машғулотлар ўтадиган майдонни тўлиқ дезинфекция қилиб чиқиши, майдонга киришда дезинфекцион “тўшаклар” ташкил қилиши, спортчиларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун пирометр бўлиши, агар у бўлмаганда ҳароратни ўлчаш учун термометр, қолаверса антисептик воситалар билан таъминланган бўлиши лозим. Ушбу талаблар бажарилмаган тақдирда бундай майдонларда машғулот ўтказиш тақиқланади», дея Отабек Эшмаматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан тасдиқланган вақтинчалик санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ, 10 июндан бошлаб ҳудудларда индивидуал шуғулланиш учун тренажёр заллари, бассейнлар, спорт секциялари, тўгараклари, спорт заллари ва фитнес клублар, шунингдек, Республика олий спорт маҳорати мактаблари, спорт турлари бўйича Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳамда футбол маҳорат мактаблари фаолиятига рухсат берилган.

«Бунда, спорт муассасаси раҳбарлари ҳамда шифокорлари спорт турлари бўйича машғулотлар ва ўқув-машғулот йиғинларининг санитария қоида ва меъёрлари асосида ташкил этилишини назорат қилади. Шунингдек, спорт муассасалари дезинфектор қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши, изолятор хонаси тиббий ёрдам воситалари, кушетка, стол-стул билан таъминланиши, биноларга кириш-чиқиш жойларида дезинфекцион «тўшак»лар, антисептик ҳамда дезинфекция воситалари билан таъминланиши лозим.

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман бўлимлари раҳбарлари карантин даврида спорт машғулотлари ва ўқув-машғулот йиғинларини ҳудудларда ўтказиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий соғлиқни сақлаш ва ички ишлар бўлимлари билан келишиши, маҳаллаларга бириктирилган тренерлар томонидан режа асосида ижтимоий масофа сақланган ҳолда аҳоли иштирокида бадантарбия машғулотларини ўтказиши, спорт тадбирлари ва бадантарбия машғулотлари давомида маҳаллий аҳолининг бир жойда тўпланишининг олдини олиши, спорт тадбирлари ва бадантарбия машғулотларининг фаол иштирокчилари ҳамда ғолиб ва совриндорларини рағбатлантириб бориши зарур.

Агар спорт тадбирлари ўтказилиши белгиланган маскан “қизил” ҳудудга киритилса, у ерда дарҳол спорт тадбирлари, бадантарбия машғулотлари, машғулотлар ва ўқув-машғулот йиғинлари бекор қилинади», дейди Отабек Эшмаматов.

Мавзуга оид