Жамият | 20:13 / 19.06.2020
2452
2 дақиқада ўқилади

Республикада жами йиғилган чиқиндининг 10 фоизи ҳам қайта ишланмаяпти - бу бўйича ҳукуматга парламент сўрови юборилади

Чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилади.

Видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган Сенатнинг 5-ялпи мажлисида чиқинди ва уларни қайта ишлаш соҳасига оид масалалар кўриб чиқилди.

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Баҳодир Тожиев мазкур йўналишдаги муаммоларни санаб ўтди.

«Ҳар йили республикамизда 35 миллион метр куб маиший, 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси ҳосил бўлади. Жами йиғилган чиқиндининг 10 фоизи ҳам қайта ишланмаяпти. Ривожланган мамлакатларда 80-85 фоиз чиқинди қайта ишланиб, полигонларга 15-20 фоиз чиқинди ташланяпти. Чиқиндиларни қайта ишлаш ва утилизация қилишда замонавий бошқарув шакллари ва усуллари етарлича жорий этилмагани қайта ишлаш корхоналаридан самарали фойдаланиш имкониятини бермаяпти.

Шунингдек, республикамизда фойдаланиб келинаётган 195та қаттиқ маиший чиқинди полигонларининг ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Мавжуд полигонларнинг 3тадан 2таси (63 фоизи) санитария талабларига мутлақо жавоб бермайди. Бундай ҳолат Бухоро вилоятида 13та, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 15та, Қорақалпоғистон республикасида 17тани ташкил қилади.

Чиқинди полигонларининг аксариятида сув таъминоти қониқарсиз аҳволда. Мисол учун, Каттақўрғон шаҳар полигонининг аҳоли пункти билан санитария ҳимоя зонаси сақланмасдан, яшаш уйларидан масофа 25-50 метрни ташкил қиляпти. Энг ачинарлиси, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли бир неча йиллардан буён бу ҳолатдан азият чекиб келмоқда. Бунинг натижасида ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли орасида турли вирусли ва юқумли касалликлар келиб чиқиш эҳтимоли юқори», дея Баҳодир Тожиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенаторлар томонидан коронавирус пандемиясига қарши кураш давом этаётган бир пайтда бундай муаммоларни эътиборсиз қолдиришга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланди.

Шунга асосан ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид