«Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси эълон қилинди
Қонуннинг мақсади аҳолининг шахсий томорқа ер участкаларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида "Шахсий томорқа хўжалиги тўғрисида"ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.
Шахсий томорқа хўжалиги аҳоли томонидан ўзларига тегишли бўлган ер участкаларида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини эркин савдо ҳамда оила эҳтиёжлари учун етиштириш билан боғлиқ меҳнат фаолиятидир.
Шахсий томорқа хўжалигини юритиш тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмайди ҳамда шахсий томорқа хўжалигини давлат рўйхатидан ўтказиш талаб этилмайди. Шахсий томорқа хўжалигида фаолият юритаётган шахс ўз фаолиятини ўзини-ўзи банд қилиш тариқасида расмийлаштириши мумкин.
Шахсий томорқа хўжалиги эгаси томонидан унга ажратилган ер участкасида етиштирилган ва қайта тайёрланган маҳсулотлар унинг хусусий мулки ҳисобланади.
Шахсий томорқа хўжалиги фаолияти қуйидаги ерларда амалга оширилиши мумкин:
а) дала томорқаси:
мазкур Қонун қабул қилингунига қадар аҳоли пунктларининг ерларидан қишлоқ хўжалик маҳсулотини эркин савдо ҳамда оила эҳтиёжлари учун етиштириш мақсадларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаси;
қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ёки ўрмон фонди ерларидан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида 0,06 гектаргача ажратилган ер участкаси;
б) уй-жой томорқаси – якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратилган ер участкаси.
Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган шахсий томорқа ер участкалари ёки уларнинг бир қисми шундай ҳуқуқ сақлаб қолинган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларга вақтинча фойдаланиш учун ижарага берилиши мумкин.
Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган шахсий томорқа ер участкалари ёки уларнинг бир қисмини вақтинча фойдаланиш учун ижарага бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
шахсий томорқа хўжалигини эркин ва мустақил юритиш, шу жумладан ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мустақил тасарруф этиш, уларнинг нархини мустақил белгилаш, шунингдек улардан олинган даромадни мустақил тасарруф этиш;
етиштирилган ёки қайта ишланган маҳсулотларни бозорларда, савдо шохобчаларида ўзлари ёки уларнинг вакиллари томонидан ҳеч қандай тўсқинликсиз эркин реализация қилиш;
мева-сабзавотчилик кластерлари билан ҳамкорлик қилиш, шунингдек мева-сабзавотчилик кооперацияларига аъзо бўлиш;
қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар, шу жумладан имтиёзли кредитлар, ажратиладиган субсидиялардан ва бошқа преференциялардан фойдаланиш;
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига аъзолик бадали тўламаган ҳолда аъзо бўлиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва реализация қилишда «Шахсий томорқа хизмати» ташкилотлари хизматларидан фойдаланиш;
шахсий томорқа ер участкаларида енгил конструкцияли иссиқхона қуриш, бунда давлат органларининг, шу жумладан архитектура-қурилиш, экология, санитария-гигиена, ёнғинга қарши кураш органларининг розилиги талаб этилмайди;
сув ресурсларидан фойдаланиш.
Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Шахсий томорқа хўжалиги юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларга нисбатан жорий этиладиган ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва имтиёзлар ер участкасига нисбатан бошқа қонуний асосларга кўра эгалик қилиб, шахсий томорқа хўжалиги юритаётган шахсларга нисбатан ҳам жорий этилади.
Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:
шахсий томорқа ер участкаларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш;
тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш чораларини кўриш;
сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш;
уй-жой қуриш ҳуқуқисиз берилган ер участкаларида бино-иншоотлар қурмаслик;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда экология, санитарияга оид талаб ва қоидаларга риоя этиш.
Шахсий томорқа хўжалигини юритишда ер участкаларидан фойдаланувчилар зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Мавзуга оид
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
11:49 / 20.06.2024
Маҳаллий кенгашларга депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
12:01 / 11.05.2024
Туман даражасидаги тўрт юзга яқин масъуллар ишдан олинди
13:23 / 09.04.2024