Жаҳон | 23:15 / 20.06.2020
5665
2 дақиқада ўқилади

Суд АҚШ Адлия вазирлигининг даъвосини рад этиб, Болтоннинг китоби сотувга чиқарилишига рухсат берди

Фото: Sue Gerrits / Getty Images

Адлия вазирлиги Болтон ўз китобида махфий ахборотни ошкор қилган деб ҳисоблаган ва суддан китобни чоп этишни тақиқлашни сўраганди.

Колумбия округи суди АҚШ Адлия вазирлигининг даъвосини рад этди ва АҚШ президентининг собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг китоби сотувга чиқарилишига рухсат берди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

Адлия вазирлиги Болтон ўз китобида махфий ахборотни ошкор қилган деб ҳисоблаган ва суддан китобни чоп этишни тақиқлашни сўраганди.

Суд қарорида айтилишича, Болтон «АҚШ миллий хавфсизлиги билан ўйнашган» ҳамда «ўз мамлакатига зарар етказган».

«Аммо бу фактлар судга берилган даъвога ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Суд китобни чоп этишни тақиқлаш етказиладиган зарарнинг олдини олишини аниқлай олмади. Даъво рад этилди», — дейилади унда. 

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Жон Болтонни хоин деб атаб, унинг Оқ уй ҳақидаги китобини ёлғонлардан иборатлигини айтди.  

АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Болтон давлат сирларини ўз ичига олган китобини чоп этгани учун жиддий жавобгарликка тортилиши лозимлигини билдирди.  

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтоннинг мемуари «Бу воқеа содир бўлган хона: Оқ уй мемуарлари» (The Room Where It Happened: A White House Memoir) деб номланади. Китоб сотуви 23 июндан бошланиши мўлжалланган. АҚШдаги қатор газеталар китобдан парчалар берди. 

Ўзининг 576 саҳифадан иборат китобида 71 ёшли Жон Болтон АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятида ўтказган 17 ойи ҳақида сўз юритган.  

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид