Жаҳон | 16:40 / 22.06.2020
10811
2 дақиқада ўқилади

АҚШда лотин америкаликнинг полиция томонидан ўлдирилишига қарши намойишлар тартибсизликларга айланиб кетди

Андрес Гуардадо 18 июнь куни Гардин шаҳрида полиция ходими томонидан отиб ўлдирилганди. Ҳокимиятнинг билдиришича, у ёнида ярим автомат тўппонча билан юргани аниқланган.

Фото: Reuters

Калифорния штатининг Комптон шаҳрида полиция томонидан лотин америкалик Андрес Гуардадонинг ўлдирилиши сабабли якшанба куни ўтказилган норозилик намойиши полициячилар билан тўқнашувга айланиб кетди. Бу ҳақда CNN телекомпанияси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, намойишчилар дастлаб 18 ёшли марҳумни хотирлаш учун Гардина шаҳрида тўпланган. Сўнгра қўшни Комптон шаҳридаги Лос-Анжелес округи шерифи офисига йўл олишган. Бу ерда норозилик билдирувчилар ва ҳуқуқ посбонлари ўртасида тўқнашув содир бўлган. Полиция ходимлари тўпланганларни тарқатиш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган. CBS телекомпаниясининг маълумот беришича, тартибсизликлар давомида олти киши қўлга олинган.

Гуардадо 18 июнь куни Гардин шаҳрида полиция ходими томонидан отиб ўлдирилганди. Ҳокимиятнинг билдиришича, у ёнида ярим автомат тўппонча билан юргани аниқланган. Полиция ходимини кўрганидан сўнг эса қоча бошлаган. Уни таъқиб қилган полициячи олтита ўқ узган, Гуардадо олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Полициячилар воқеа содир бўлган вақтда ёнларидаги камералар ўчирилган ҳолатда бўлганлиги ҳодиса тафсилотларини ўрганишни қийинлаштирмоқда, дея қайд этади телекомпания.

Аввалроқ Миннеаполис шаҳрида афроамерикалик Жорж Флойднинг ўлимидан сўнг АҚШнинг кўплаб шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари ва тартибсизликлар юз берганди.

Мавзуга оид